Фуқаролик жамияти ҳафталиги: Саломатлик тадбирларидан меморандум келишувигача

2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказилиши белгиланган.

- Ҳафталик дастлаб, фуқаролик жамиятининг 1500 нафардан ортиқ вакилларини жалб этган ҳолда республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, сараланган таклиф ва ташаббуслар асосида 1-5 декабрь кунлари пойтахтда бўлиб ўтади, - дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Достон Маликов. - Кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтлари муҳим ташаббус ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янгича тизими яратилди. Хусусан, жорий йилдан бошлаб, Парламент комиссияси аъзолари маҳаллий кенгаш кенгаш депутатлари билан биргаликда аҳоли билан мулоқотлар ташкил этган ҳолда ижтимоий соҳа ва маҳаллалардаги аниқ муаммоларни ўрганиб, уларнинг манзилли ва самарали ечимига қаратилган давлат гранти ва ижтимоий буюртмаси танловларини эълон қилиш бошланди.

Биргина жорий йилда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга 1 триллион 200 миллиард сўм маблағ жалб қилинди. Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Самарқанд вилоятида давлат ижтимоий буюртмаси шаклида 1 та, давлат гранти шаклида 18 та лойиҳа 1,899 млрд сўмга молиялаштирилиб, ҳозирги вақтда барча лойиҳалар муваффақиятли якунланмоқда.

Соҳа ходимлари малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида ташкил этилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари йил давомида Самарқанд вилоятидан 46 нафар тингловчи иштирок этди.

Ҳафталик доирасида вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ва мулоқотлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий форуми, конференциялар, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, соҳа вакиллари иштирокида спорт мусобақалари, турли акциялар ўтказилди. Хусусан, вилоят адлия бошқармасида ННТ вакиллари билан ўтган учрашувда соҳадаги ўзгаришлар ҳақида батафсил тушунчалар берилди. Вилоятда фаолият юритаётган ННТ, жамоат фаоллари, ижтимоий тадбиркорлар, блогерлар, илмий муассасалар, давлат идоралари, ОАВ вакиллари иштирок этган давра суҳбатида 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепция натижалари ва 2030 йилларга қатар ривожлантириш сратегиясига лойиҳасига таклифлар билдирилди.

Шунингдек, давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мамлакатда фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган таклифлар берилди.

Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари томонидан муҳим ташаббуслар ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалари қамровини кенгайтириш ҳамда амалга ошириш борасида ўзаро фикрлар алмашилди.

Тадбир иштирокчиларининг фикрига кўра, жорий йилнинг 25 ноябрига қадар давом этадиган ҳафталик давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ва конструктив мулоқот механизмларини йўлга қўйиш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эҳтиёжларини тизимли таҳлил қилиш ҳамда давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш, истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқишда муҳим майдон вазифасини бажармоқда.