Фуқаролик – ушалмас орзу эмас
Бир юртда яшасанг, оила қуриб, рўзғор тебратсангу шу юрт фуқароси бўлмасанг, давлат ва жамият ишларида иштирок этишинг чекланган бўлса – қалбингнинг бир чети кемтик, ҳаётинг тўлақонли эмасдек туюлаверади. Бу гўёки, инсон ўз уйида ўзини бегонадек ҳис қилгандай гап.
Афсуски, собиқ иттифоқнинг парчаланиши ёки бошқа сабаблар туфайли юртимизда ҳам минглаб инсонлар ана шундай аҳволга тушиб қолди. Ёки серқуёш ўлкамизни ўзи учун Ватан деб қабул қилиб, шу ерга келиб яшаётган бўлса-да Ўзбекистон фуқароси, деган шарафга муносиб кўрилмаганлар қанча эди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ушбу йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар, қонунчиликнинг такомиллаштирилиши натижасида бу юртдошларимизга фуқаролик берилиб, улар Ватанимизнинг тенг ҳуқуқли фуқароларига айланди.
– Ўтган йили “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Президентнинг жорий йил 11 мартдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига оид масалаларини кўриб чиқишнинг янгиланган тартиби белгиланди, – дейди Самарқанд вилояти ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Даврон Норчаев. – Унга кўра, юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинди.
Шахсни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига умумий, соддалаштирилган (ватандошлар) ва алоҳида тартибда (Президентнинг ташаббуси билан) қабул қилиш белгиланди. Бу тартибларни амалга оширишнинг замонавий, қулай механизмлари яратилди.
Бу имкониятлар туфайли Самарқанд вилоятида ҳам кўплаб юртдошларимиз Ўзбекистон фуқаролигини олиш бахтига эришди. Жумладан, 2016 йил декабрь ойидан буён Президентимиз фармони билан вилоятимиздан 666 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Шунингдек, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришларга мувофиқ, муайян вақтдан буён мамлакатимизда доимий яшаган 629 нафар шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тан олинди. Бу шахсларнинг 777 нафарини хориждан келганлар, 389 нафарини вақтинча бориб келганлар ва 129 нафарини четда ўқиганлар ташкил этди. Бугунги кунда вилоят бўйича 1700 нафардан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахс фуқаролик беришни сўраб мурожаат қилган ва уларнинг аризалари белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Қонунчиликдаги кейинги ўзгартишлар туфайли 15 йилдан буён мамлакатимизда яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фуқаролиги тан олиниши, чет эллик ватандошлар ҳам фуқароликка ҳужжат топшириши мумкинлиги, Ўзбекистонда туғилган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 5 йил доимий рўйхатда туриши шарт эмаслиги, ҳужжатларнинг электрон тарзда айланиши ва бошқа шу каби енгилликлар юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат ҳимоясида эканлигидан далолатдир.
– Самарқанд шаҳрида яшайман, фарзанду набираларим бор, лекин шу пайтгача Ўзбекистон фуқароси эмас эдим, – дейди С.Азиммуродов. – 26 йил кутиб, ўтган йили 60 ёшимда фуқаролик паспорти олиш насиб этди. Бошқаларни ҳам юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик қадрига етиб, ҳалол меҳнат қилиб, ҳаётга шукрона айтиб яшашга даъват этаман.