Ғаллачилик даромадли соҳами ёки машаққатли, деҳқонларимиз 831 минг тонна дон йиғиштира оладими?

Инсон бир кунда ўртача 300 грамдан 400 грамгача нон истеъмол қилишини ҳисобга олсак, 1 килограмм ғалла – 750 грамм ун бир кунда икки кишининг нонга бўлган эҳтиёжини қондиради.
Вилоятимиз ғаллакорлари 2025-йил ҳосили учун 94,2 минг гектар сувли майдонда эл ризқини етиштиришди. Сув танқислиги ва турли касалликларга қарамай, ғаллакорларимизнинг тажриба ва меҳнатлари эвазига далаларимизда мўл ҳосил етиштирилди.
Ғалла бозорини эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда нарх барқарорлигини сақлашга қаратилган тадбирлар аҳолиси кўп бўлган Самарқандда ўз самарасини бермоқда.
Буғдой дунёда энг кўп тарқалган маданий ўсимлик бўлиб, юр юзида 250 миллион гектардан зиёд майдонда экилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 18-мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан 2025-йил январ-апрел ойларида биржа савдоларида сотилган 3-синф маҳаллий буғдой учун биржа нархлари (котировкалари) республика бўйича буғдой етиштирувчилар томонидан ушбу даврда сотилган буғдойнинг битим нархи ва ҳажмидан келиб чиқиб, (ҚҚС билан бирга) 3-синф маҳаллий буғдойнинг бир тоннаси учун 2 миллион 514 минг 766 сўмдан ҳисобланмоқда (2024-йилда тоннаси 2 миллион 988 минг 434 сўмдан харид қилинган).
1991-йилда мамлакатимизда 940 минг тонна ғалла етиштирилган бўлса, 2014-йилда унинг ҳажми 8 миллион 50 тоннага етди. 1991-йилда ўртача ҳосилдорлик 17 центнерни ташкил этгани ҳолда 2014-йилда ҳар гектар майдондан 55 центнердан ҳосил олинган.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2024-йил вилоятда 94,2 минг гектар сувли майдонда бошоқли дон экинлари етиштирилган ва бунинг учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 331,8 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Энг аҳамиятлиси, қарийб 241 та фермер томонидан 5 минг гектардан кўпроқ майдонда имтиёзли кредит олмасдан, ўз маблағлари ҳисобига ғалла етиштирилган. Ғалла майдонларидан жами 821 минг тонна дон ўриб олиниб, бир гектарда ўртача ҳосилдорлик 87,1 центнерни (2023-йилга нисбатан 13,3 центнер кўп) ташкил қилди.
Йиғилган ғалланинг 76,2 минг тоннаси давлат ресурсига,
160,5 минг тоннаси фермерлар томонидан биржа савдоларига чиқариш мақсадида вақтинча сақлаш учун жамғарилди ва 13,2 минг тонна сифатли уруғлик захираси яратилди. Фермер хўжаликлари ихтиёрида 570 минг тоннадан ортиқ дон қолди.
Вилоятнинг Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон, Иштихон ва Жомбой туманларида ғаллада юқори ҳосилдорликка эришиб, ўртача ҳосилдорлик 90-96 центнерни ташкил этди. Қолган туманларда ҳам 80-89 центнердан ҳосил олинди.
Жорий йилги кутилмалар қандай?
- Кўп йиллардан буён мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соҳага замонавий ёндашувларни жалб этишга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Бекзод Тугалов. - Бунинг натижасида бутун республика бўйлаб аввалига фермерлик ҳаракати, кейинчалик кластер тизими юзага келди. Одамларда меҳнатидан манфаат топиш, ўз ерига эгалик қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш туйғулари пайдо бўлди. Йиллар давомида бозор талабидан келиб чиқиб экинлар экиш, янги навларни жойлаштириш, замонавий технологиялардан фойдаланиш имконияти яратилди. Асосийси, деҳқон меҳнатидан манфаатдорлиги ортди. Вилоятимизда аҳолининг донга бўлган эҳтиёжини тўлиқ ўз имкониятларимиз ҳисобидан қондиришга эришилди.
1 та нон таркибида организм эҳтиёжи учун зарур бўлган 800-1000 к/кал. энергетик қувват, 25-35 грамм оқсил ва 150-200 грамм углеводлар бор.
Вилоятда 2025-йил ҳосили учун 4648 фермер хўжалиги томонидан 94,2 минг гектар сувли майдонда бошоқли дон экинлари етиштирилди ва шу кунларда барча туманларда ўрим-йиғим ишлари давом этмоқда. 321 та фермер хўжалиги томонидан 2,4 минг гектардан кўпроқ майдонда имтиёзли кредит олмасдан, ўз маблағлари ҳисобига ғалла етиштирилди. Ўрим-йиғим ишларини қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ташкил қилиш мақсадида 255 та отряд шакллантирилиб, 255 дона юқори унумли ғалла ўриш комбайнлари ва 1108 дона транспорт воситаси жалб қилинди.
Жорий йил ғалладан жами 831 минг тонна дон олиш ва бир гектардан ўртача ҳосилдорликни 88,2 центнерга етказиш режалаштирилган. Етиштирилган бошоқли доннинг 276 минг тоннаси давлат эҳтиёжларига олинади.
Одамлар бундан 16 минг йил муқаддам ғалла экинини ўстира бошлаган. Германиянинг Сюрих музейларидан бирида кўргазмага 6 минг йиллик тарихга эга нон қўйилган.
Солиштирадиган бўлсак, 1990-йилда вилоят бўйича суғориладиган майдонлардан 155,5 минг тонна дон олиниб, ҳосилдорлик 23,5 центнерни, 2000-йилда 380,6 минг тонна ва ҳосилдорлик 38,8 центнерни, 2013-йилда 701,4 минг тонна ва ҳосилдорлик 45 центнерни, 2018 йилда эса 570 минг тонна ва ҳосилдорлик 52,3 центнерни ташкил қилган. Ёки ғаллачиликдаги ўсиш 1990-йилга нисбатан 4,4 баробарга, 2000-йилга нисбатан 1,8 баробарга ошган. 2023-йилда эса сувли майдонлардаги ўртача ҳосилдорлик 71,8 центнерни ташкил этиб, 1990-йилга нисбатан 47,9 центнер, 2000-йилга нисбатан 32,6 центнер, 2018-йилга нисбатан 19 центнер ўсишга эришилган. Бу шунчаки оддий сўз билан айтиладиган рақамлар эмас, балки ғаллакорларимизнинг фидокорона меҳнати самарасидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида ерни шудгорлашдан тортиб, тайёр маҳсулот олиш, сотишгача бўлган жараённи қамраб олган кластер тизими жорий этилди. Хусусан, ғаллачилик тармоғида ҳам кластер корхоналари ташкил этилиб, улар малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда ер, иқлим шароити, тупроқ унумдорлигига қараб нав танлаш, керакли агротехник тадбирларни ўтказиш борасида илмий ёндошувлар асосида иш олиб боришди. Натижада йил сайин ҳосилдорлик ортиб бормоқда.
Буғдой донида 11-20 фоиз оқсил, 63-74 фоиз крахмал, 2 фоиз мой ва шунча клетчатка бор. Одам нон орқали ҳаёт учун керак бўлган қувватнинг ярмини, В1, В2, РР каби витаминларни, шунингдек, организм учун қимматли бўлган калий, фосфор ва темир бирикмаларини олади. Шунинг учун буғдой нони юқори таъмга эга, яхши ҳазм бўлади, ҳеч қачон меъдага тегмайди.
Ҳозирда вилоятимизда 197 минг гектар ер майдонига эга 39 та кластер корхонаси, жумладан, 11 та пахта-тўқимачилик, 12 та мева-сабзавотчилик, 5 та картошкачилик, 1 та доривор ўсимликлар етиштирувчи ва 10 та ғаллачилик кластер корхонаси фаолият юритмоқда.
Биргина Пахтачи туманида “Омадли ғалла даласи”, “Дўсматов Норберди Сатторович”, “Биноқулов Жонибек Абдуманнович”, “Осиё Пахтачи Абдуназар”, “Оқтепа истиқбол авлодлари” фермер хўжаликларида экилган ғалла майдонларининг ўртача 70 фоиздан ортиқроғидаги ўрим-йиғим натижаларига кўра, ҳосилдорлик гектарига 95-100 центнергача етди.
Қайта ишлаш - қўшимча даромад
Дунё тажрибасидан кўринадики, хомашё етиштириш жуда катта даромад келтирмайди. Қачонки, хомашёни қайта ишлаш, қадоқлаш, экспорт қилиш йўлга қўйилса, фойда бир неча баробар ортади. Бу янги иш ўринлари очиш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, солиқ тушумларини кўпайтириш, ишсизликни камайтириш ва тараққиётга эришишда муҳим босқич ҳисобланади. Айни шу жиҳатлар инобатга олиниб, давлатимиз раҳбари фермер хўжаликларини йириклаштириш, соҳага кластер тизимини жорий этишни таклиф қилганди.
Буғдойдан уч хил навли ундан ташқари чорва учун омухта ем, комбикорма, кепак, спирт ҳамда балиқ озуқаси учун дон чиқиндиси олинади.
Самарқандда буғдой унидан 20 хил нон, 40 турдан ортиқ нон маҳсулотлари ва 50 хилдан кўпроқ турли пишириқлар тайёрланади.
- 2020-йилда фермер хўжалигимизни ғаллачилик кластерига айлантирдик ва ғўза, ғалланинг элита навлари уруғларини етиштиришни йўлга қўйдик, - дейди Пахтачи туманидаги “Мирзаев Шуҳрат Кенжаевич” фермер хўжалиги бошлиғи Шавкат Мирзаев. – Яна 2020-йилда ғаллани ун ҳолида сотиш лойиҳасини амалга оширдик. Бунинг учун Германия, Италия ва Туркиядан замонавий ускуналар олиб келинди ва 60 сотих майдонда янги завод қурдик. Ушбу завод кунига 120 тонна ғаллани қайта ишлайди ва маҳсулотни ички бозордан ташқари Тожикистон, Афғонистон давлатларига экспорт қиламиз. Ўтган йили қўшни давлатларга 1,5 миллион долларлик 6 минг тонна ун экспорт қилдик. Тумандаги 215 та фермер хўжалиги билан 16 минг тонна ғалла харид қилиш бўйича шартнома тузганмиз. Ҳозирда ғалла қабул қилиш ишлари давом этмоқда.
16-18 сотих суғориладиган ерда 1 тонна буғдой етиштирилади. 1 тонна буғдойдан 750 килограмм ун олинади. 750 килограмм ун 1662 та қолипли нон, 1500 та обинон бўлади.
Ғалланинг сомонидан ҳам саноат ва қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланилади. Масалан, сомон қоғоз, сават, кийим-кечак ва қурилиш соҳасида ишлатилади. Чорва озуқаси сифатида эса дағал хашак ва сенаж олинади.
Тажрибали деҳқонлар яхши ва тўғри танланган уруғ мўл ҳосилнинг кафолати дейишади. Бу ҳам бежиз эмас. Чунки ҳосил мўл, хирмонлар юксак бўлишининг асосий сабабларидан бири ҳудуд иқлими, ер-сув, тупроқ шароитига қараб уруғ танлай билишда. Уруғлик соф, тоза, сифатли ва сара бўлса, меҳнат ҳам, харажат ҳам зое кетмайди, етиштирилган ҳосил баракали бўлади.
Хўрозқанд чет элники бўлса ҳам ўзимизда яратилган навларга нега бефарқмиз?
Табиий шароитдан келиб чиқиб, ғалланинг “Краснодар-99”, “Таня”, “Гром”, “Яксарт”, “Туркистон”, “Андижон-2”, “Жасмина”, “Юка”, “Звезда” “Алексеевич”, “Аср”, “Тимирязев”, “Давр” ва бошқа синовдан ўтган, ер ва иқлим шароитимизга мос келадиган серҳосил, тезпишар навлар экилди. Ундан кутилган ҳосилни олиш учун ҳар бир нав бўйича ўғитлаш ва суғориш, касалликларга қарши курашиш каби агротехник тадбирлар вақтида ўтказилди. Туманларда фермер хўжаликлари билан семинарлар ташкил қилиниб, уларга тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ғалланинг вегетатсия даврида малакали мутахассислар томонидан ҳудудларда доимий ўрганишлар олиб борилди.
1 гектар суғориладиган майдонда 250 килограмм ғалла уруғи экилади. Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, 250 килограмм дон 6 тоннадан ортиққа айланади.
Суғориладиган майдондаги ғалла тупроқ, иқлим шароити ва ер ости сувлари юзага яқин жойлашганлигига қараб, 2-4 марта суғорилади. Бир маротаба суғоришга 700-800 метр кубдан 1000-1200 куб метргача сув сарфланади.
Умуман олганда, уруғчиликни ривожлантириш учун селексионер олимларимиз томонидан яна янги истиқболли, серҳосил маҳаллий навларни яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яқин бир неча йил олдин ҳам селексионер олимларимиз ғалланинг истиқболли ва ҳосилдор, асосийси, иқлимга мос бўлган бир неча навини яратишганди, аммо бу навлар ҳалигача оммавий экилмаяпти. Нега?
- Ҳозирда вилоятимиздаги суғориладиган ғалла майдонларининг катта қисмида Россиянинг Лукяненка номидаги дон миллий марказида яратилган , асосан “Краснодар” селексиясига мансуб навлар экилади, - дейди Самарқанд агроинноватсиялар ва тадқиқотлар институти профессори Ғулом Ғайбуллаев. – Бунда “Безостая 100”, “Алексеевич”, “Гром” каби навлар кўп экилмоқда. Россиялик ҳамкорлар билан биргаликда Андижондаги дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти селексионерлари томонидан яратилган “Давр”, “Андижон-2”, “Навбаҳор” ғалла навлари ҳам экилмоқда. Қашқадарё вилоятидаги жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида яратилган “Яксарт”, “Юксалиш” каби навлар ҳам оммалашмоқда. Институтимиз селексионер олимлари томонидан яратилган “Форбума”, “Жасмина” каби истиқболли ғалла навлари вилоятимиздаги 15 минг гектар майдонда экилмоқда. Ўтган йили қишлоқ хўжалик экинлари давлат рееестрига киритилган янги “Самарқанд” нави раёнлаштирилди. Ҳозирги кунда ҳам селексия ишлари давом этиб, мингга яқин нав намуналар, ўрганилмоқда ва янги навлар яратилмоқда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Шунча олим-селексионерларимиз яратган ва иқлим шароитига мос, касалликларга чидамли навлар бўлатуриб, нега четдан уруғлик келтирилади ёки хориж уруғларининг нархи арзонми?
- Ғалла уруғчилиги ҳам бизнесга айланиб улгурганига анча бўлди, - дейди профессор. – Масалан, Россиядан оддий навдаги ғалла уруғининг килограмини 5 минг сўмдан харид қилиб, бу ерда 10 минг сўмдан сотишмоқда. Аслида элита ва супер элита уруғлари орасида катта фарқ бор. Масалан, биз суперелита уруғлик тайёрлаймиз ва бу бошқа уруғлардан кўра ҳар томонлама самарали ҳисобланади. Шу суперелита ғалла уруғларимизнинг харид нархи 2500 сўм этиб белгиланган. Бу йилдан суперелита навларга 130 фоиз устама тўланадиган бўлганини ҳисобга олсак, бир килограмм энг яхши ғалла уруғи 6 минг сўм атрофида бўлади. Лекин четдан келтирилган шу турдаги суперелита уруғлик 21 минг сўмгача сотилмоқда. Аслида битта мукаммал нав яратиш учун 10 йил вақт сарфланади. Лекин маҳаллий ва хориждан келтирилган ҳар икки нав бир турга мансуб бўлса-да, импорт навнинг қиммат сотилиши фермерга ортиқча харажат бўлади ва нарх барқарорлигига ҳам таъсир қилади.
Ўктам ХУДОЙБEРДИEВ,
“Зарафшон”нинг махсус мухбири.