“Garant Quruvchi Servis” МЧЖ “Сам Сузани Плюс” МЧЖ ҳуқуқларини бузганми?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Garant Quruvchi Servis” МЧЖ ва Шамуродов Жамшедларнинг низоси бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 123-сонли “Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида уй-жой фондини янгилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги йиғилиш баёни ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2014 йил 27 октябрдаги 207Ф-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар архитектура ва қурилиш бўлими томонидан шаҳарнинг марказий кўчаларида жойлашган ва бугунги кун шаҳарсозлик архитектураси, ёнғин хавфсизлиги ва санитария талабларига жавоб бермайдиган, мавжуд паст ва кўримсиз биноларни қонун-ҳужжатларида белгиланган тартибда кўчириш ҳисобидан уларнинг ўрнига замонавий архитектура лойиҳалари асосида кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш тўғрисидаги 2016 йил 10 сентябрда 48-сонли таклиф киритилган.

Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2016 йил 19 декабрдаги 1858Қ-сонли қарори билан “Garant Quruvchi Servis” МЧЖга Самарқанд шаҳар Гагарин кўчаси, 128-манзилда жойлашган беш қаватли ётоқхонани бузиш ҳисобидан замонавий лойиҳа асосида 1-қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биносидан ташкил топган кўп қаватли турар-жой биноси қурилишига рухсат берилган. Қурилиш ташкилоти томонидан ушбу умумий ётоқхонада жойлашган фуқароларга тегишли биноларни амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўчириш белгиланган.

Даъвогар Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва қўшимча даъвогар “Garant Quruvchi Servis” МЧЖ фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар “Сам Сўзани Плюс” МЧЖ мулкдори Шамуродов Жамшид, Айрапетов Григорий ва Саидова Мавжудаларни Гагарин кўчаси 128-уй кўп қаватли умумий ётоқхона биноси таркибидаги поликлиника биносидан мажбурий тартибда чиқаришни ҳамда “Сам Сузани Плюс” поликлиникасини қуриб битказилган Буюк ипак йўли кўчаси 112 Л биносига кўчиришни, низоли уйнинг 80, 88 ва 89-хонадонлар бўйича Н.Санаханова билан ўрталарида оғзаки тузилган олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топишни ва “Сам Сузани Плюс” МЧЖ ҳудудидан жавобгарлар Айрапетов Григорийга тегишли 24-хонадон ва Саидова Мавжудага тегишли бўлган 65-хонадонларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ўз ҳудудига қўшиб олинган ҳолати юзасидан ушбу уйларни ҳудуддан чиқариш ҳақида даъво аризалар берилган.

Шаҳар судининг 2017 йил 13 октябрь кунги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва қўшимча даъвогар “Garant Quruvchi Servis” МЧЖнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгар Ж.Шамуродов Самарқанд шаҳри Гагарин кўчаси, 128-уйдаги 40, 41, 42, 73, 80, 88, 89 ва 108-хонадонларидан чиқарилган.

Жавобгар Ж.Шамуродовга тегишли бўлган Самарқанд шаҳри Гагарин кўчаси 128-уйдаги 40, 41, 42, 73, 80, 88, 89 ва 108-хонадонларни майдонига тенг миқдорда уй-жой бериш мажбурияти “Garant Quruvchi Servis” МЧЖ зиммасига юклатилган.

Ж.Шамуродов ва Ф.Шамуродоваларнинг фойдасига “Тиббий хизмат кўрсатиш маркази” биносининг қиймати 462.564.151 сўм “Garant Quruvchi Servis” МЧЖдан ундирилган.

“Garant Quruvchi Servis” МЧЖ раҳбари Э.Мўминов билан Н.Санаханова билан ўрталарида тузилган оғзаки битимни ҳақиқий деб топиш ва собиқ “Маржона” ресторани биносига кўчириш қисми рад қилинган.

“Garant Quruvchi Servis” МЧЖга етказилган зарар бўйича Н.Санахановага нисбатан судга алоҳида тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Шаҳар судининг 2017 йил 13 октябрь кунги ҳал қилув қарори фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 21 декабрь кунги ажримига асосан ўзгаришсиз қолдирилган.

Шунингдек, Ж.Шамуродовга компенсация ундирилмаган хонадонларига нисбатан алоҳида тартибда даъво ариза бериш ҳуқуқи тушунтирилган.

Н.БАРАТОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси вазифасини бажарувчи.