«ГАЗ-24» автомашинаси билан тақдирланган фотомухбир
Газеталар юзига кўрк бағишловчи, таъбир жоиз бўлса келинчак мисол чирой ато этувчи нима деб сўрасангиз, шу соҳа ходимлари ҳеч иккиланмасдан фотосуратлар дейиши тайин. Ҳақ гап. Суратсиз газета ёки бошқа нашрлар «йўнилмаган таёқ», «супраси қуруқ»дек жозибадорлик касб этмайди, ўқувчига зерикарли бўлиб қолади. Яхши сурат олиш, танлаш ва уни газета саҳифаларига жойлаштириш эса фотомухбирнинг топқирлиги, нигоҳи, дидига боғлиқ.
Ғулом Алиев шу соҳани танлаб хато қилмади. Ярим аср елкасига зил-занбил сумкасини осиб дала-дашт кезди, замонамиз қаҳрамонларининг нурли сиймоларини, қўйингки, воҳамиз қайноқ ҳаётини суратларда муҳрлади. Топган-тутганларини Самарқанд вилоятининг «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») ва бошқа нашрларга илиниб, тарихнинг ёрқин саҳифаларини яратишга хизмат қилди.
- Ғулом Алиев менга устозлик қилган, - дейди моҳир фотожурналист Тоҳир Норқулов. – Суратга олиш санъатини у кишидан ўрганганман. Агар тарихга назар соладиган бўлсак, ўтган асрнинг 50-60-йилларида вилоятимизда атиги иккита газета чоп этиларди. Малакали ходимларга, хусусан, тажрибали фотомухбирларга эҳтиёж сезиларди. Ғулом Алиевнинг таҳририятга ишга келиши ҳеч муболағасиз Самарқанд фотожурналистикасининг шаклланишида дадил қадам бўлган. Тез орада ҳар иккала – «Ленин йўли» ва «Ленинский путь» (ҳозирги «Самаркандский вестник») газеталарида «Ғ.Алиев суратга олган» деган тагхат билан бирин-кетин суратлар кўрина бошлади. Ўша суратларни бугун эсга оладиган бўлсак Самарқанд воҳасининг бутун бир галереясини кўриш мумкин.
Мен таҳририятга ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида ишга келган бўлсам ўша пайтда Ғулом Алиевнинг энг ёрқин ишларига гувоҳ бўлганман. Ишчан, серҳаракат, талабчан ва шу билан бирга ўта инжиқ ҳисобланган Ғ.Алиевнинг ўз ишига бўлган масъулияти менда катта таассурот қолдирган. Кейинчалик бир-биримизга, ҳаммаслак бўлиб ишладик. Суратга олиш жараёнини ҳақиқий санъатга айлантиришга улгурган Ғулом Алиев нафақат вилоят газеталарида, балки республикамиздаги марказий нашрларда ўз фотосуратлари, фотолавҳалари билан фаол иштирок этди. Қатор кўргазмаларда қатнашди. Жумладан, 1971 йилда республика бадиий ва ҳужжатли фотокўргазмада учинчи даражали, 1988 йилда «Тошкент кинофестиваллари йилномаси» фотокўргазмасида биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Кўп йиллик хизматлари боис «Халқлар дўстлиги» ордени билан тақдирланди. Ғулом Алиевга 1994 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони берилганди. Қайноқ ҳаётни акс эттирувчи фотокўргазмаси учун вилоят ҳокимлиги томонидан «ГАЗ-24» маркали енгил автомобиль билан тақдирланди.
- Устоздан суратга олиш маҳоратини ўрганиб кам бўлмадим, - дея сўзини давом эттирди Тоҳир Норқулов. – Аввал «Жиззах ҳақиқати» газетаси, вилоят телерадиокомпанияси, кейинчалик «Ленинский путь» газетасида фаолият кўрсатдим. Йигирма йил давомида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Зарафшон воҳаси бўйича мухбири бўлиб хизмат қилдим. Заҳматли меҳнатим фаолият кўрсатган жамоалар, ижодий уюшмалар, вилоят ҳокимлиги томонидан эътироф этилди. 2005 йилда «Энг улуғ, энг азиз» республика танловида ғолиб бўлдим.
Ҳа, Тоҳир Норқулов устози Алиев (ҳаёт бўлганида 86 ёшни қарши оларди) каби юрт кезди. Фотонигоҳи тушмаган, гўшалар, воҳалар камдан кам. Унинг ёрқин суратлари вилоят газеталарини ҳамон безаб келмоқда. Уларда бугунги замонамиз қаҳрамонлари, бунёдкор кишилар акс этмокда. Бир қатор танлов ғолиби бўлган Тоҳир Норқулов ҳамон унга мураббийлик қилган ва бугун орамизда бўлмаса-да ундан нурли ижод саҳифалари қолган устози - тажрибали фотосуратчи Ғулом Алиев руҳини туйиб самарали ижод қилмоқда. Касб сирларини ёш фотомухбирларга ўргатиб келмоқда.
Адҳам ҲАЙИТОВ.