Ғазо секторидаги вазият кескинлашмоқда: оммавий эвакуация ва дипломатик инқироз

2025 йил 14 сентябрь ҳолатига кўра, Ғазо секторидан тахминан 300 минг фуқаро эвакуация қилингани маълум қилинди.

Дохада бўлиб ўтаётган Араб ва Ислом мамлакатлари саммити лойиҳа декларациясида Исроилнинг Қатар ҳудудига уюштирган ҳаво зарбалари қаттиқ танқид қилинди. Ҳужум Қатар суверенитетига тажовуз ва халқаро воситачилик жараёнларига зарба сифатида баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни Исроил Қатар пойтахти Дохада ҲАМАСнинг штаб-квартирасига ҳаво ҳужуми уюштирди. Мазкур зарба "Ёнғинли саммит" операцияси деб номланди. Ҳужум Қатарда ўтаётган АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ғазо секторидаги отишмаларни тўхтатишга оид сўнгги таклифи музокаралари билан бир вақтга тўғри келди. Ҳодиса Қатар воситачилик ролини бажараётган бир пайтда рўй бергани халқаро майдонда катта танқидларга сабаб бўлди. Мутахассислар бу зарба минтақада тинчлик жараёнларига жиддий хавф солиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Кеча тунда Исроил армияси Ғазо секторидаги "Ал-Малжул" минорасини ўққа тутди. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига кўра, сўнгги 24 соат ичида Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 68 нафарга, ярадорлар сони эса 346 нафарга етган.