Ғолиб спортчига уй берилади
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бир гуруҳ спортчилар ва уларнинг мураббийлари вилоят ҳокимининг ташаккурномалари билан тақдирланди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов барча спортчи ва мураббийларни эришган ютуқлари билан табриклади. Уларнинг 2021 йилда Япония мезбонлик қиладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари ҳамда XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этиб, Ватанимиз байроғини кўкларга кўтаришига ишонч билдирди. Мазкур нуфузли мусобақада ғолибликни қўлга киритган спортчига уй берилишини таъкидлади.
Бугунги кунда вилоятимиз вакилларининг 29 нафари спортнинг 8 тури бўйича Олимпия ўйинлари ҳамда 7 нафари 4 тур бўйича Паралимпия ўйинлари йўлланмаси учун мусобақаларда иштирок этмоқда.
Пара енгил атлетикачи Ҳусниддин Норбеков мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, спортчиларимизнинг яна 13 нафарида Олимпия ўйинларига йўлланма олиш имконияти юқори баҳоланмоқда. Олимпиада ўйинларига йўлланмани олишга номзод спортчимиз Давлат Бобонов Ўзбекистон Республикасида “Йилнинг энг яхши спортчиси” номинациясини қўлга киритди.
Пандемия бўлишига қарамай якунланаётган йилда вилоятда 687 спорт мусобақаси ташкил этилди ва уларда 77 мингдан кўпроқ ёшлар қатнашди. Вилоятимиз спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 346 та олтин, 316 та кумуш, 368 та бронза медалларини қўлга киритди. Осиё чемпионатларида эса 1 та олтин, 9 та кумуш, 6 та бронзага эга чиқди. Жаҳон чемпионатларидан 2 та олтин, 4 та кумуш, 6 та бронза медали олиб келди. Бошқа халқаро турнирларда 2 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза медаль олишди.
Олимпия спорт турлари бўйича республика ҳамда халқаро спорт мусобақалари ғолиблари ва совриндорлари бўлган 248 нафар ёшлар спортнинг 26 тури бўйича олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга қабул қилинди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.