Гўшт, шакар, ёғ ва картошка вақтинча ҚҚСдан озод этилади
Пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексига қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилди.
Ўзгартишга асосан, 2020 йил 15 октябрдан бошлаб қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши кутилмоқда:
- 2021 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикасига шакар ва шакар хом ашёсини олиб кириш, шунингдек уни реализация қилиш айланмалари;
- 2021 йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикасига картошка, ўсимлик ёғи, гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти ва бошқалар), ҳайвонларни (қорамол ва парранда) тирик ҳолда ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш айланмалари.
«Бу тартиблар четдан маҳсулот олиб кириш билан бирга ички бозорда шу билан шуғулланаётган тадбиркорларимиз учун ҳам қўлланиши кўзда тутилмоқда. Шу сабабли қонун лойиҳаси матни кейинги ўқишларда таҳририй жиҳатдан ўзгартирилди.
Бу ўз ўрнида бозорларда ошиб бораётган ўсимлик ёғи, гўшт ва бошқа истеъмол маҳсулотларининг нархи пасайиб, барқарорлашига олиб келиши зарур», деб ёзди Кушербаев телеграмдаги каналида.
Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Лойиҳани шу ҳафта сўнггида кутилаётган Сенат ялпи мажлисига киритиш режалаштирилган.
Қонун лойиҳаси депутатлар К.Эрназаров, М.Қурбонбоев ва А.Умиров ташаббуси билан ишлаб чиқилган.