Грузия парламенти раиси Самарқандга келди
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвили бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрида бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов ҳамроҳлигидаги делегацияни темирйўл вокзалида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди.
Делегация Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишди.
- Ўзбекистон парламентидаги дўстларимиз ва ҳамкорларимиз билан тажриба алмашиш учун ташрифимиз доирасида қадимий Самарқанд шаҳри билан танишиш имконияти яратилганидан мамнунмиз, - дейди Шалва Папуашвили. - Узоқ ўтмиш ва буюк тарихга эга бўлган Самарқандда бўлиш ҳар бир кишига ўзгача ҳис-ҳаяжон бағишлайди. Бу ерда тарих ва бугунни уйғун ҳолда кўриш мумкин. Ҳавоси, табиати, одамлари ҳам менга ёқди. Айниқса, тарихий обидалар, уларнинг бетакрор меъморий ечими, ҳар бир иншоотни асрлар давомида асраб-авайлаб келинаётгани ҳайратланарли. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик халқларимиз орасидаги муносабатларни ҳам фаоллаштиради. Бу эса шубҳасиз, тараққиётга хизмат қилади.
Делегация аъзолари Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, "Афосиёб" музейида бўлиб бой маданий меросимиз билан танишди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрига гулчамбарлар қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди.
Ташриф сўнгида грузиялик меҳмонлар “Боқий шаҳар” мажмуасини кўздан кечирди.