Гвинея президенти ҳарбий исёнчилар қўлида, мамлакатда комендантлик соати жорий этилган
Гвинея ҳарбий исёнчилари раҳбари, полковник Мамади Думбуя мамлакат президенти Алфа Конде уларнинг назорати остида, хавфсиз жойда эканлигини маълум қилди.
"У шифокор кўригидан ўтди. Хавотирга ўрин йўқ", деди у France 24 телеканалига берган интервьюсида.
Полковникнинг сўзларига кўра, ҳарбийлар ҳукумат билан "ўйнаш" ёки "ҳазил" қилиш ниятида эмас. Аксинча, "мамлакатга ёрдам бериш" учун олдинги ҳукуматнинг хатоларини тузатмоқчи.
Кеча, 5 сентябрь куни исёнчилар етакчиси Мамади Думбуя ҳукуматни тарқатиб юбориш, амалдаги конституцияни бекор қилиш ва мамлакат чегараларини ёпиш тўғрисида эълон қилди. Ўз навбатида, Гвинея Мудофаа вазирлиги Конде қўриқчилари исёнчиларнинг қароргоҳга қилган ҳужумини қайтарганини айтди. Маълумотларга кўра, исёнчилар гуруҳини Франция хорижий легионида хизмат қилган полковник Мамади Думбуя бошқармоқда.
Полковник Думбуя бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати эълон қилди. Маҳаллий телевиденияда ўқилган баёнотга асосан, комендантлик соати "кейинги билдиришгача" ўз кучида қолади.