Ҳамкасб ёди: Абдували ака ҳаёт бўлганида 52 ёшга тўларди

Бугун ҳамкасбимиз, етук журналист, ажойиб дўст Абдували Очилов таваллуд топган кун.

Абдували ака ҳаёт бўлганида бугун 52 ёшга тўларди.

1971 йил 20 мартда Қашқадарё вилояти Косон тумани Пўлати қишлоғида туғилган А.Очилов 1993 йилда Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультетини тугатган.

1994 йилдан умрининг охиригача «Зарафшон» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, реклама ва тижорат бўлими мудири, бош муҳаррирнинг иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари вазифаларида ишлади.

Абдували ака сўнгги йилларда газета таҳририятининг рек­лама ва эълонлар бўлимида ишлар, ишхонада ҳаммага бир хилда муносабатда бўлар, ҳаммани яхши кўрарди. Ундан озроққина дили оғриган, кўнгли қолган одамни ҳозир ҳам тополмайсиз.

Беш йилдирки, шундай бағри бутун, очиқкўнгил, қалби дарё инсон орамизда йўқ. Биз, ҳамкасблар Абдували аканинг ҳамон таҳририятда юрганини, кириш зали деразаси ёнида тонгдан сигарет чекиб, барчани бирдек кутиб олаётганини ҳис қиламиз. У кишининг очиқ чеҳраси, ҳазиломуз гаплари, ҳаракатлари ёдимиздан чиқмайди.