Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳамкасблар ёди: Моҳир журналистлар Бобоқул Имомов ва Адҳам Ҳайитовнинг ижод йўли катта мактаб эди

«Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетаси таҳририяти нафақат Самарқандда, балки республикамизнинг турли жойларида яшаб, ижод қилган кўплаб қаламкашларга маънавий бешик вазифасини ўтаб келган.

Шундай маърифатли, соҳир қалб эгаси Бобоқул Имомов ҳам шу муқаддас, улуғ даргоҳда қалам тебратган, ўзининг ёрқин ижоди билан тилга тушган ажойиб журналист эди.

Бобоқул аканинг таржимаи ҳоли билан танишиш жараёнида жуда кўп тарихий ҳужжатларга, газетачилик билан боғлиқ кўпдан-кўп воқеаларга дуч келдик. Уларда битилган сатрлар, келтирилган рақам ва далиллар Бобоқул Имомов бир умр ўз касбига меҳр-муҳаббат ила ёндашиб, садоқат билан эл-юртга содиқ хизмат қилганлигини кўрсатади. Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар унча кўп эмас. Бор-йўғи саккиз банддан иборат, холос.

Бобоқул Имомов 1918 йилда Самарқанд шаҳридаги Ялангбек маҳалласида туғилган. 1945 йилда «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасига махсус мухбир вазифасига ишга қабул қилинган. 1949 йилда вилоят китоб савдоси идорасида китобни оммалаштирувчи бўлиб ишлаган. 1954 йилда Ўзбекистон радиосининг вилоят бўйича махсус мухбири этиб тайинланган. 1955 йилда яна «Ленин йўли» газетаси таҳририятига адабий ходим сифатида ишга олинган.

Бобоқул ака қаерда ишламасин, таҳририят у учун ҳақиқий ижод мактаби, кўнгил мулки бўлиб қолди. Ёзганларидан ҳузур-ҳаловат топди.

1960-1970 йилларда Самарқанд вилояти Жиззах, Навоий ва Сирдарёгача чўзилган ҳудудларни қамраб олганди. Бобоқул ака қишлоқ хўжалиги бўлимининг забардаст мухбири сифатида вилоятнинг чекка-чекка туманларига, қишлоқларига ҳеч оғринмай, ҳафта-ўн кунлаб бориб келадиган якка-ягона ходим эканлигини ҳамкасбларимиз фахрланиб гапириб беришган. Мана улардан бири:

Бобоқул ака муҳаррир топшириғи билан Фориш туманидаги Қорабдол қишлоғига юборилади. Қишли-қировли кунлар. Масофа узоқ. Улов йўқ ҳисоби. Амаллаб, бир неча емиш ташувчи тракторда етиб келган мухбирни совхоз директори ҳайрон бўлиб сўроққа тутади:

- Сиз чиндан ҳам мухбирмисиз?

- Ҳа.

- Самарқанддан келдингизми?

- Шундай.

- Афт-ангорингизга қараганда дуппа-дуруст одамга ўхшайсиз-у, ишингизни соғ одам қилмайди. Биз Нуротага боролмай ўтирибмиз. Сиз эса битта мақола ёзаман, деб ҳаётингизни таҳликага қўйибсиз.

Шундай қилиб, қорабдолликлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи мақола ўша кунлар газетада босилади.

Бобоқул Имомовнинг ўзи бу ва бошқа воқеалар хусусида ҳам мароқ билан хотирларди. Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида таҳририятга бош муҳаррирлик қилган давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов билан кечган кунлар Бобоқул ака учун унутилмас лаҳзалар бўлганлигини айтган.

Бобоқул Имомов газетада қирқ йил самарали ижод қилди. Пенсияга чиққанидан кейин ҳам таҳририятга келиб туришни, шу куннинг мавзуида мақола, хабарлар тақдим этишни канда қилмаган. Хизматлари боис орден ва медаллар билан тақдирланган. Энг катта мукофот газетхонлар, ҳамкасблар эътирофи эди. Ўзи яшаб турган маҳалла фаоли, касб-корли фарзандлар тарбиялаган ибратли ота сифатида эл ҳурматини қозонган иқтидорли журналист Бобоқул Имомов ҳаёти ва фаолияти биз, журналистлар, қалам аҳли учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб қолади.

***

Ўз сўзи, қаламига эга журналист Адҳам ака Ҳайитов ҳаёт бўлганида бугун 72 ёшга тўларди.

“Мен талабалигимда, 1973 йилда газета ахборот бўлими ходими А.Ҳайитов билан танишдим, касбимиз анъаналарини, таҳририятда кимга қандай муомала қилишни ўргандим ва қадрдон бўлиб қолдик. Шу сабабли характерини ҳам, ҳаётини ҳам яхши билардим, - дея эслайди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев. - У ўзига хос журналист эди. Таниш-билиши кўп, бунинг устига, кўп йил ишлаганидан, зукколигидан одамнинг кўзига ёки икки оғиз сўзига қараб, унинг феълини айтиб берарди.

Бу инсон таҳририятнинг ҳушёр одами эди. Мени қайси мавзу қолиб кетаётганидан, айрим мақолалар бир ёқлама ёзилаётганидан огоҳлантириб, айрим ҳамкасбларга эътибор ёки марҳумларнинг оила аъзоларини йўқлаш кераклигини кўнглимни оғритмасдан эслатиб турарди. Жамоада ҳам ёшларни тартибга чақирарди. Тўғриси, айрим сўзлари ёқмаса-да, ўзимиз ҳам шу ҳолатга  кўникиб қолгандик.

Бир куни ёш мухбирларга қайсидир ноўрин ҳаракати учун мажлисда жиддийроқ дакки бердим. Ҳамма кетгач, Адҳам ака ҳузуримга кирди ва «укажон, сал қаттиқ кетдингиз, феълни кенг қилинг, буларга фақат ибрат кўрсата оламиз, чунки булар шаклланган одамлар, кўпроқ ёзишни ўргатайлик. Ижодкор феъли билан туғилади, феълини барибир яшира олмайди» деди.

Мен гувоҳи бўлганман, Аҳмаджон Мухторовдан бошлаб барча бош муҳаррирлар агар нозик масалада шикоят келса, ўрганишга албатта, Адҳам акани жўнатишарди. Камина ҳам шундай қилганман”.

Адҳам аканинг меҳнат дафтарчасида битта ташкилот ёзуви бор эди: 1972 йилда «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасига ишга қабул қилинган. Устоз умрининг охиригача шу таҳририятда мухбир, бўлим мудири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлади. Етмиш йиллигини нишонлаймиз деб турганимизда, коронавирус туфайли бу оламни тарк этди.

Бобоқул Имомов ва Адҳам Ҳайитов сингари фидойи, жонкуяр журналистлар номи асло ўчмайди.