Ҳар қандай уруш мағлубият дегани

Биз мудом мусаффо осмон ҳақида гапира туриб, баъзида буни киноя остига ҳам олдик. Ҳатто у ёки бу ҳудудларда норозилик бўй кўрсатиб турган пайтда “эҳтимол, тинчлик учун шукур қилиб ўтиринглар” дейишимиз учун атай уюштирилаётгандир, деган фикрларни айтишдан уялмадик.

Бугун эса осмонимиз мусаффо дейишдан уялганлар уруш ва унинг оқибатлари ҳақида гапирмоқда. Албатта, бу масалада улар ҳақ. Йигирма биринчи асрда, илм-фан, инсон тафаккури юксак чўққиларни забт этаётган, нанотехнологиялар ривожланаётган бир пайтда уруш сўзини эшитиш инсонга жуда оғир ботади.

Бутун дунёда ахборот уруши бошланган, эндиги навбат бактериологик жангларга деган гап-сўзлар айтилиб, бизни доим ваҳимага солиб турган бир пайтда танклар билан қайсидир давлат бошқа мамлакатга ҳужум қилиши мумкинлиги кишини ҳайрат ва ғазабга солади.

Афсуски, шундай ҳолатлар юз бермоқда. Ён қўшнимиз бўлган мамлакатда бўлиб ўтган воқеликлар ўша пайти барчамизни сергакликка чорлаган бўлса, айни пайтда юз бераётган Россия - Украина воқеалари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг бош мавзусига айланди.

Бугун қайсидир давлатдаги муаммолар бошқа давлатга тегишли бўлмайди, деган қараш аллақачон эскирган. Ҳар қандай нотинчлик, у жуда кичик бўлса-да, инсоният учун ўз сабоғини беради. Айниқса, ушбу нотинчлик қўшни давлатларда юз бераётган бўлса.

Ташқи сиёсат барча замонларда ҳам энг мураккаб жараён бўлиб келган. Бугун ён қўшниси билан бир қарич ер учун келишолмай, судлашиб юрганлар жуда кўп деймиз ва бундай воқеаларга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлиб келяпмиз. Лекин баъзида ўз қўшниси билан муросага кела билмаган одамнинг давлатимиз мана бу ишларни бажара олмаяпти, деган гапларни айтгани ҳайратланарли.

Бугунги жамият учун ташқи сиёсат моҳирона дипломатия ва келишувдир. Фақатгина тинчликни асраш учун кези келганда жуда кўп манфаатлардан воз кечилган фурсатлар бўлган. Буни мамлакатимиз миқёсида ҳам жуда кўп мисоллар орқали айтиш мумкин. Қўшни давлатлар билан муроса қилиш, ривожланган давлатлар билан музокарада ўз манфаатларимизни кўзлаган ҳолда иш олиб бориш энг нозик ва пухта дипломатия саналади. Тўғри, бу масалада бир ёқлама ёндашув ҳам бўлиши мумкин.

Тинчликни ўйлаб, шунингдек, муросаю мадора қилиб, давлатлараро муносабатларни тўғри йўлга қўя олиш янаям катта ютуқ. Тинчлик, хотиржамлик бўлмас экан, ҳар қандай эришилган ютуқлар арзимас бўлиб қолиши мумкин, одамлар яхши яшамас экан, нотинчлик юзага келиши хавфи ҳар доим мавжуд. Тарозининг бу палласини бир хил ушлаб туриш эса кучли сиёсий ирода, маҳорат ва тажриба деганидир. “Қўл узатиш”, яъни бағрикенглик сиёсати деганидир бу.

Тинчликка, аскарлар ўлими, оналар йиғиси, гўдаклар фарёдига олиб келаётган ҳар қандай уруш мағлубиятдир.

Гулруҳ МЎМИНОВА.