Ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш билан боғлиқ жиноий қилмишлар фош этилди

Аниқланишича, Давлат хизматлари марказининг мутахассиси жиноий шериклари билан 2025 йил давомида аввал ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган 72 нафар фуқародан олинган 616 миллион сўм пора эвазига уларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган.

Вилоятларда ўтказилган текширишда яна 1200 дан ортиқ (жумладан, Самарқанд вилоятида 146 та) қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Ушбу ҳолат бўйича Давлат хизматлари марказининг бош мутахассиси ва унинг шерикларига пора олиш, пора бериш, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича айблов эълон қилиниб, уларнинг барчаси қамоққа олинган ҳамда уларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилган.

Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганида назарий ва амалий имтиҳонлардан ўта олмаган фуқароларга автомактаблар яқинида фаолият юритувчи турли шахслар ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳон топширмасдан, сохта ҳужжатлари асосида хақ эвазига олиб беришган.

Жиноий гуруҳ икки хил усулда сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган.

Хусусан, жиноий гуруҳнинг мижоз топиш билан шуғулланувчи вакиллари фуқаролардан қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси учун олинган 500-1000 АҚШ доллари эвазига турли шахслар орқали эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлбола усулда тайёрлаб, фуқароларга тақдим этган.

Сўнгра жиноий гуруҳ туман Давлат хизматлари маркази ходимига пора бериш йўли билан ушбу фуқаролар томонидан ДХМга қалбаки эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари топширилишига, ўрнига янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштиришига эришишган.

Иккинчи усулда жиноий гуруҳнинг мижоз топиш билан шуғулланувчи вакиллари фуқаролардан қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси учун олинган 10 минг АҚШ долларига қадар бўлган маблағ эвазига фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлганлиги тўғрисида ҳудудий ЙҲҲБлар маълумотномаларини сохталаштириб, уларга сохта QR кодли имзоларни қўйиб, фуқароларга тақдим этишган.

Сўнгра жиноий гуруҳ туман Давлат хизматлари маркази ходимига бериш йўли билан ушбу фуқаролар томонидан унга сохта QR кодли маълумотномаларни тақдим этиб, янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштиришига эришишган.

Иккала ҳолатда ҳам фуқаролар ўзларининг муқаддам ҳайдовчили гувоҳномалари бўлмаганлигини била туриб, жиноий гуруҳ вакилларидан сотиб олган сохта ҳужжатлар билан давлат хизматлари марказига гўёки ҳайдовчилик гувоҳномаларини йўқотиб қўйишганлиги тўғрисида мурожаат қилишган.

Оқибатда 72 нафар фуқаро ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда давлат ташкилоти ходимига пора бериш жиноятларига шерик бўлган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Бош прокуратура томонидан вилоятларда ўтказилган текширишда яна 1200 дан ортиқ (Тошкент шаҳрида 440 та, Навоий вилоятида 265 та, Сурхондарё вилоятида 205 та, Самарқанд вилоятида 146 та, Қашқадарё вилоятида 33 та, Сирдарё вилоятида 20 та, бошқа вилоятларда 100 дан ортиқ) қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Ҳозирда барча фуқароларнинг қалбаки ҳужжатлар асосида қўлга киритган ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган ва ҳужжат қалбакилаштирган ҳамда ушбу қалбаки ҳужжатларни сотиб олган фуқароларнинг ўзини ҳам жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.