Ҳаётимизни ўзгартирган 36 соат

36 соатлик дарс кишига нима бериши мумкин? Билим, тажриба, сабоқ, янги касб-ҳунар... Ва бу рўйхатни шу тахлит давом эттириш мумкин. Аммо бор-йўғи 36 соатлик машғулотлар ҳаётингизни ўзгартириб юборишига ишонасизми? Мен ҳам аввалига ишонмагандим, токи улар билан жонли мулоқотда бўлмагунимча.

Пахтачи тумани Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи Дилнавоз Мирзаёрова бундан бир неча йил аввал кўмакка муҳтож, четдан кимдир келиб, аҳволини сўраса, “ҳаммаси яхши” дея ийманибгина жавоб берадиган аёл эди. Ваҳоланки, кўринишию яшаш шароитига қараб ҳаммаси яхши, деб бўлмасди. Маҳалла фаоллари унга аллақандай марказдан тадбиркорлар келиб, касб-ҳунарга ўргатишини айтганда, Дилнавоз дарров рози бўлди. Ўзи қўни-қўшнининг кўрпа-кўрпачаларини қавиб берарди. Марказ ходимлари буни билгач, унинг шу йўналишдаги кўникмаларини оширишга эътибор қаратдилар. Шунинг баробарида ишини унга ўхшаб фақат қизиқишдан бошлаган аёллар ўз ҳикояларини гапириб бердилар. Ана шу ҳикоялар Дилнавозга туртки бўлди. 36 соатлик дарслардан сўнг энди фақатгина одамларнинг  кўрпачаларини  қавиб беришни эмас, балки янги матолардан, рўзғорга керакли анжомлар тикиб сота бошлади. Дилнавоз каби хотин-қизлар бир эмас, минглаб нафарга етди бугун. Қандай дейсизми?

- 2019-йил мамлакатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, вилоят хотин-қизлар қўмитаси таъсисчилигида “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” тузилиб, август ойидан ўз фаолиятини бошлади, - дейди вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Сайёра Салимова оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида. - Асосий мақсад-тадбиркор аёлларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этишда зарур маслаҳатлар бериб, уларга турли йўналишларда машғулотлар ўтишдан иборат. Ўқув якунида хотин-қизларга имтиёзли кредитлар олиш учун марказ томонидан сертификатлар берилади. Марказ 2020 йилда 2891 нафар хотин-қизни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитган бўлса, жорий йилнинг 8 ойи давомида 5012 нафар хотин-қиз ўқитилди.  2805 нафарининг  бандлиги таъминланиб, улардан 282 нафари тадбиркорлик ишини очган.

30 та янги оилавий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.  Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида “Аёллар инновацияси” танлови ўтказилиб, 15 та ғолиб лойиҳа амалга оширилди. Тикувчилик, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва ҳунармандчилик соҳаларида кўплаб янги корхоналар фаолият бошлади.

1000 нафар хотин-қиз ахборот технологиялари, маркетинг ва онлайн савдо соҳаларида қайта тайёрловдан ўтди. Кам таъминланган ва ишсиз хотин-қизлар учун устоз-шогирд дастури асосида  200 та иш ўрни ташкил этилди.

Матбуот анжуманида шунингдек, марказда ўқиб, иш бошлаган ва айни кунларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор хотин-қизлар ўз фаолиятлари ҳақида гапириб берди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.