Ҳиндистон ва Хитой чегарасида ҳарбий тўқнашув юз берди
Аслида тўқнашув 9 декабрь куни содир бўлган. Аммо бу ҳақдаги аниқ хабарлар душанба куни тарқала бошлади. Ҳиндистон ва Хитой чегара кучлари Ҳиндистоннинг Аруначал-Прадеш штати чегарасида тўқнаш келишган. Кеча ANI ахборот агентлиги ҳодиса Таванг секторида содир бўлганини эълон қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, Хитой ҳарбийлари икки давлатни ажратиб турувчи ҳақиқий назорат чизиғига кирган, бироқ ҳинд ҳарбийлари томонидан “қатъий” тўхтатилган. Ҳар икки томоннинг бир неча ҳарбий хизматчиси “енгил яраланган”.
Томонлар зудлик билан ҳудудни тарк этди, дейилади хабарда.
2020 йилнинг май ойида икки давлат чегарасидаги Ладах тоғли ҳудудида тўқнашувлар содир бўлиб, икки томондан қурбонлар бўлган эди. Ҳиндистон ва Хитой ҳудудга оғир артиллерия, танклар ва самолётлар юборган. Ўтган йилги ҳарбий ва дипломатик даражадаги қатор музокаралардан сўнг Пекин ва Нью-Деҳли чегара чизиғидан ўзаро қўшинларни олиб чиқишни бошлади.
Ҳиндистон ва Хитой ўртасида Ҳимолай тоғларида демаркация қилинган чегаранинг йўқлиги (икки давлатни ҳақиқий назорат чизиғи ажратиб туради) ўнлаб йиллар давомида кескинлик манбаи бўлиб келган. 1959 йилда Ҳиндистон Хитой томони Аруначал-Прадеш штатининг бир қисмини эгаллаб олганини эълон қилди ва 1962 йилда ҳинд-хитой қуролли тўқнашуви бошланди, натижада Ҳиндистонга тегишли Ладах ва Аксай Чин вилоятларида 38 минг кв.км.га яқин майдон Хитой назоратига ўтган.