Ҳокимлар, сектор раҳбарлари мактабнинг шаклига, директор мазмунга жавоб беради

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 27 октябрь куни ўтказилган ўн олтинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси муҳокама этилди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов фармон лойиҳаси юзасидан педагоглар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ишлаб чиқилган таклифлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида депутатларга маълумот берди. Жумладан, мактаб ўқувчилари учун онлайн тизимда ўқув дарсликларини автоматлашган тартибда тақсимлашнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш, туман ва шаҳарлар марказларида умумий ўрта таълим мактабларига болаларни мактабнинг микроҳудуди бўйича Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш, белгиланган муддатларда малака ошириш курсларидан ўтмаган педагоглар билан янги ўқув йилидан бошлаб меҳнат шарномасини бекор қилиш механизми ишлаб чиқиш каби таклифлар билдирилди.

Самарқанд давлат университети ректори, сенатор Р.Холмуродов мактаб таълими сифатини ошириш учун олий педагогик таълим нуфузи ва аҳамиятини ошириш кераклигини таъкидлади.

– Ҳозир мактабга муаллим тайёрлайдиган муассасалар профессор-ўқитувчиларнинг ўзини қайта тайёрлаш керак, – деди Р.Холмуродов. – Педагогик йўналишда мутахассис тайёрлашда сиртқи таълимдан воз кечиш, талабаларни давлат гранти асосида ўқитиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Нега тиббиёт олийгоҳларида сиртқи таълим йўқ? Чунки инсон саломатлигига масъул шифокорни бундай усулда тайёрлаб бўлмайди. Ёшлар таълим-тарбиясига ҳам ана шундай масъулият билан ёндашадиган бўлсак, педагогик таълимга эътиборни ҳар қачонгидан кучайтириш шарт.

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, депутат И.Тўхтасинов олий таълим муассасаларида магистрлар тайёрлашининг бир ва икки йиллик ўқитиш тизимини жорий этишни таклиф қилди.

– Мактаб, таълим-тарбия иши - бу фақат шу соҳа вакилларининг вазифаси эмас, – деди Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов. – Бунга каттаю-кичик бирдек эътибор қаратиши, мамлакат келажаги, халқ тақдири илм билан, таълим-тарбия билан боғлиқлигини ҳар бир инсон ҳис қилиши лозим. Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда таълим тизимини ривожлантириш бўйича ҳокимлар, мутасадди раҳбарлар олдига аниқ вазифалар қўйган эди. Фармон лойиҳасида бу ҳам ўз аксини топган. Энди ҳокимлар, сектор раҳбарлари мактабга директорни уришиш, дўқ уриш учун эмас, ёрдам бериш учун бориши керак. Биз мактабнинг шаклига, яъни у ердаги шароитга, директор эса мазмунга, мактаб таълими сифатига жавоб беради.

Сессияда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.