Ҳудудлар тоифаларга ажратилди. Нималар ўзгаради?
«Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан республикамиздаги 208 та туман ва шаҳар беш тоифага бўлинди.
Вилоятимиздаги туман ва шаҳарлар тоифаларга бўлинганда тадбиркорлик учун ривожланган ҳудуд бўлган Самарқанд шаҳри биринчи тоифага, инфратузилмаси яхши бўлган Жомбой, Самарқанд ва Тойлоқ туманлари иккинчи тоифага кирди. Шароити нисбатан қониқарли бўлган Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Иштихон, Нарпай, Оқдарё, Паст Дарғом ва Ургут туманлари учинчи тоифада қайд этилди. Тўртинчи – жозибадорлиги етарли бўлмаган ҳудудлар сифатида Каттақўрғон, Нуробод, Пахтачи ва Пайариқ туманлари қайд этилди. Вилоятнинг Қўшработ туманигина бешинчи тоифада шароити оғир бўлган ҳудуд, деб топилди.
– Ҳудудларнинг тоифаларга бўлинишида экспертларнинг фикрлари ҳамда иқтисодий кўрсаткичлар, соҳалар ривожланишида вилоятдаги улуши ҳамда аҳоли жон бошига иқтисодий кўрсаткичлар тўғри келиши таҳлиллари эътиборга олинган, – дейди вилоят ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари С.Абираҳматов. – Эндиликда уларни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида ёндашув бўлади. Жумладан, 2026 йил 1 январга қадар солиқ солишнинг табақалаштирилган тартиби жорий этилади. Яъни, бешинчи тоифадаги Қўшработ туманида рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлар (йирик солиқ тўловчилар, доимий муассаса, бюджет ташкилоти ва давлат корхонаси, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар бундан мустасно) фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди. Шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари қўлланилади. Ушбу имтиёз туфайли тумандаги 1349 нафар тадбиркор ихтиёрида 13,4 миллиард сўм маблағ қолмоқда ва шунинг ҳисобидан улар фаолиятини кенгайтириш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, бешинчи тоифадаги ҳудудда рўйхатдан ўтган ва шу ерда фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинди. Жумладан, Қўшработдаги 715 нафар якка тартибдаги тадбиркор қатъий солиқ тўлашдан озод этилди. Улар 2022 йилда 295 миллион сўм тўлаган ва жорий йилда 324 миллион сўм тўлаши керак эди.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Шу боис, Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан суғориш воситаларини харид қилиш, ишсизлар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва миграциядан қайтган шахсларга қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун субсидия ажратиш миқдорлари ҳам биринчи тоифадан ташқари бошқа тоифалардаги ҳудудларда ўзгарди. Яъни, биринчи тоифадаги ҳудудларга БҲМнинг 10 бараваригача, иккинчи ва учинчи тоифалардаги ҳудудларга 12 бараваригача, тўртинчи ва бешинчи тоифалардаги туманларда 15 бараваригача субсидия берилади. Худди шундай, «Уста-шогирд» анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун субсидия миқдорлари тўртинчи ва бешинчи тоифадаги туманларда БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача оширилди. Ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи учун ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг ҳар бир битирувчисига 1 миллион сўмдан ошмаган ҳолда компенсация қилиш учун субсидия ажратиш миқдорлари ҳам тўртинчи ва бешинчи тоифадаги туманлар учун 70 фоиздан 80, 100 фоизгача ўзгарди. Бу тартибда субсидия ажратиш орқали норасмий секторда банд бўлганлар улуши қисқартирилади ва уларнинг банд аҳоли сонидаги улуши 2026 йилга қадар камайтирилади.
Мисол учун, биргина умумий қурилиш ишлари билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорларга камида 3 нафардан ишчи ёллаган тақдирда, вилоятдаги 1126 та маҳаллада камида иккитадан қурилиш бригадалари тузилган тақдирда 9 мингдан ортиқ фуқаронинг расмий бандлиги таъминланади. Туманларда томорқа ер хўжаликларида 30 фоиз маҳалла ҳудудида камида биттадан касаначилик ташкил этилиб, уларга 25 нафардан ишсиз ёки норасмий банд фуқаролар бириктирилганда 6,5 мингдан ортиқ фуқаронинг расмий бандлиги таъминланади. Энг муҳими, тўртинчи ва бешинчи тоифадаги ҳудудларда ишсизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, муайян касб билан таъминлаш даражаси камида 1,5 бараварга ошади.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар давлат мактабгача таълим ташкилотларида бола таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорига нисбатан туманларнинг тоифасидан келиб чиқиб, 5 ва 4-тоифадаги туманларда - 50 фоиз, 3-тоифадаги туманларда (шаҳар аҳоли пунктларидан ташқари) - 30 фоизгача камайтирувчи коэффициентлар қўлланади.
Бу албатта, ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонликни таъминлашдаги дастлабки ҳаракатлар. Режалар тўлиқ амалга киритилиб, тадбиркорликни кенгайтириш ва ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш босқичларига ўтади. Пировардида ишсизликни камайтириш, норасмий секторда меҳнат қилаётганлар фаолиятини легаллаштириш ва аҳоли турмушининг фаровонлашувига хизмат қилади.
Ўктам Худойбердиев.