HUMO, эплолмасанг нега бозорга кирдинг? Нега рақобатдан қўрқасан?

Кеча HUMO карталари ишламади. Ўтган куни пластик картамдан дўконда тўловни амалга ошираман, десам код нотўғри деган важ билан пул ўтмаган эди. Картани текширтириш мақсадида "Ипотека банк"нинг Самарқанд филиалига бордим. Одам кўп, мижозлар асабий. Билсам, тўлов тизими ишламаётган экан.

Мен фақат картамнинг кодини текшириб беришни сўраган эдим, ходимлар бу мумкин эмаслигини, душанба куни келишимни маслаҳат беришди. Тизим нега ишламаяпти, қачон ишлайди, деган саволларга улар “Бу бизга боғлиқ эмас, Тошкент ҳал қилади” дейиш билан чекланди.

Балки банк раҳбарлари жўяли бир жавоб беришар, деб иккинчи қаватга чиқсам, соат 15:30 бўлишига қарамасдан “катта”лардан ҳеч ким йўқ экан. Котиб бошлиқ ҳам, ўринбосарлари ҳам “йиғилишда” деган ёд бўлиб қолган жавобини берди.

Яқинларгача UzCard картасидан фойдаланардим. Бир неча йил давомида муаммо бўлмаган эди. Кейинги пайтда ҳаммани HUMOга мажбуран ўтказишмоқда. Масалан, маҳалла раислари, пенсионерлар шулар жумласидан. Нега рақобат бўлишига йўл қўйишмайди? HUMO тепасида турганлар шунчалик қудратлими? Ахир, бу тўлов тизими камчиликлари ҳақида кўп гапирилмоқда. Хулоса қилинмаяпти.

Мана, интернетдаги айрим материалларнинг сарлавҳалари: “Humo тўлов тизимида носозлик юзага келди”, «Humo» пенсионерларнинг асабини бузяпти», “Айни дамда HUMO карталари ишламаяпти!”, “Метрода тўлов карталари ишламай қолди”.

Буёғи нима бўлади? Бу ҳолатга баҳо берадиган мард топиладими? Ёки ҳаммаси кимларнидир манфаат деб шундайлигича қолиб кетадими?

Тошпўлат Раҳматуллаев.