Ҳунармандчилик: Қўлигул гулбанд устаси
Самарқандлик Шоира Ғаниева ёшлигидан каштадўзлик, қуроқчилик билан шуғулланиб келарди. У аждодлар ишини давом эттираётган сулоланинг 6 авлоди.
Бугунги кунда ҳунарманд ипак матоларга табиий бўёқлар ёрдамида гул босиш билан шуғулланади.
- Момоларимиз шу гулбандчилик санъати билан шуғулланиб келган, - дейди у. – Аммо орада, яъни собиқ иттифоқ даврида бу ишлар тўхтаб қолган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорлигида Шаҳрисабз шаҳрида шу мавзуда семинар ўтказилди. Унда қатнашдим. Дунёнинг таниқли ҳунармандлари бизга маҳорат дарсини ўтди ва вазифа берди. Бу иш билан биринчи марта шуғулланаётганимни айтиб, оқ ипак матога табиий бўёқлардан фойдаланиб, гул боса бошладим. Шунда ҳиндистонлик таниқли ҳунарманд Бадмини Баларам ишимни кузатиб туриб, “Аввал бу иш билан шуғулланмаганман, деб ёлғон гапирган экансиз-да”, деди. Мен эса чиндан ҳам илк бор бу усулда матога гул босаётганимни, бу иш билан бир пайтлар момоларим шуғулланганини, аммо мен уларни кўрмаганимни, хуллас, бу ҳунармандчилик қонимда борлигини тушунтирдим. Ўша пайтда шу йўналишда танлов ўтказилди ва биринчи ўринни қўлга киритдим.
Шоира Ғаниева бир қатор ютуқларни қўлга киритиб келяпти. Унинг ишлари учун ЮНЕСКО томонидан “Бутунжаҳон сифат белгиси” сертификати берилган. Шунингдек, у “Шуҳрат” медали соҳибаси.
- Дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилган танлов ва семинарларда қатнашиб келяпман, - дейди Ш.Ғаниева. – Танловларда юқори натижаларни қўлга киритиб, семинарлар доирасида маҳорат дарслари ўтиб келяпман. Дунёнинг деярли барча қитъасида шогирдларим бор. Қизиққан кишига гулбандчилик сирларини ўргатишга тайёрман. Сулоламиз ва ўзимнинг ишларим ҳақида маълумотларни тўпладим ва китоб ҳолига келтирдим. Бунинг учун 10 йил вақт кетди. Бу китоб шогирдлар учун тайёр дарслик-қўлланма вазифасини ўтайди.
Сулола ишини Шоира опанинг қизлари еттинчи, набиралари эса саккизинчи авлод бўлиб давом эттирмоқда.
Дилноза МАЖИДОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото-видео).