Ичимлик сув ҳақида миш-миш ва ҳақиқат

Сув бизнеси ҳар йили ўз айланма маблағини 10 фоизга кўпайтириб бормоқда. 2020 йилга бориб, қадоқланган сув савдоси ҳажми дунё бўйича 280 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда, деб ёзади «Мир новостей» (2019 й. 38-сон) ҳафтаномаси.

Пластик идишлардаги ичимлик сувни харид қилиш нафақат юксак маданият белгиси, балки соғлиқ учун ҳам фойдали ҳисобланади. Аммо қадоқланган сув бизни ишонтиришаётганидек ҳақиқатан ҳам «тоза»ми?

Ҳаммаси шундай бошланганди

Ушбу бизнес жуда камтарона бошланган. 1760-йилларда Бостонда «Jacksos Spa» деган ном остидаги компания гўёки «терапевтик» фойдаланиш учун шишаларга қуйилган минерал сув сотишни йўлга қўйди. ХХ асрга қадар бу тижорат жуда кўп мамлакатларда хлорланган водопровод суви пайдо бўлгунча муваффақиятли ривожланди. Деярли ҳар бир уйда бепул ва тоза ичимлик суви оқа бошлагач, уни ҳеч ким сотиб олмай қўйди. Аммо шифобахш булоқлардан чиқаётган, саломатлик учун фойдали ҳисобланган сувни бозорда пайдо бўлиши қадоқланган сув бизнесининг жонига оро кирди. Одамлар оддий водопровод сувидан бир неча минг марта қиммат қадоқланган сувларни ичаётганда бу крандан оқиб ётган сув эканлигини хаёлларига ҳам келтиришмасди.

1898 йилда француз врачи Луи Перье маҳаллий булоқлардан минерал сувларни Европанинг энг яхши ресторанлари ва меҳмонхоналарига етказиб беришни йўлга қўйди. Бу жуда камтарона бўлса-да, истиқболли бизнес эди. Аммо 1946 йилда тадбиркор-тижоратчи Густав Левен «сув» компаниясини сотиб олди ва Perrier брендини яратди ҳамда бир неча йил ичида француз бозорининг ярмини эгаллаб олди. 1970 йилга келиб Perrier Европада савдода етакчи бўлди ва муваффақият билан Америка савдо расталарига чиқди.

Сувдан «ҳолва»

Бундай савдонинг сири нимада? Ҳамма гап Густав Левеннинг оддий одамлар гўллигидан фойдаланиши ва реклама сиёсатини ўйлаб топганида эди. У Perrier – муваффақиятга эришганлар учун чинакам «оби замзам» эканлигига харидорларни ишонтирди. Бу эса натижасини узоқ куттирмади: АҚШда фақатгина 1975 йилдан 1978 йилгача француз минерал сувини сотиш 2,5 миллиондан 75 миллион шишага етди. Албатта, қадоқланган ичимлик сувига асосланган соғлом турмуш тарзининг урфга айланиши ҳам бунда муҳим роль ўйнади. Бироқ шишадаги сувнинг водопровод суви устидан узил-кесил ғалабаси 1990 йилларга тўғри келди.

Бу Pepsi-Cola, Coca-Cola ва Nestle каби улкан индустриал юҳолар ушбу бизнес билан шуғулланишга киришиши билан рўй берди.

Кўпчиликни сув бизнеси нечоғлик рентабелли эканлиги қизиқтириши табиий. Лекин ишлаб чиқарувчилар буни ошкор қилишни исташмайди. Бироқ экспертларнинг ишонтиришларича, қадоқланган сув савдоси ресторан бизнеси билан бемалол рақобатлаша олади.

Қадоқланган сув бугунги кунда шунчалик оммалашганки, ақл бовар қилмайди. Ҳатто, унинг крандаги сувдан ўртача 2000 марта қимматлиги ҳам ҳеч кимни ташвишлантирмайди. Эксперт баҳолари бўйича ҳозирда жаҳонда ҳар йили шишада 460 миллиард литрдан кўп сув сотиляпти. Истеъмолчи мамлакатлар ўртасида Хитой ва АҚШ етакчи ҳисобланади (тегишли равишда йилига 80 ва 45 миллиард литр).

Кимнинг тегирмонига сув қуяяпмиз?

Шишадаги сувнинг соғлиқ учун водопровод сувидан ҳеч ҳам фойдали эмаслигини аллақачон англаганмиз, аммо буни тан олгимиз келмайди. «Сув» бозорида исталганча чиройли идиш ва ёрлиқда қалбаки «оби замзам»ни топиш мумкин. Бу ҳақда табиат ресурсларини ҳимоя қилиш бўйича Америка Кенгаши маърузаси эълон қилинганидан кейин маълум бўлди. Унда айтилишича, тадқиқотчилар тўрт йил давомида 103 савдо маркасидаги шиша сувларидан минглаб намуна олиб таҳлил қилишган. Натижа барчани ҳангу манг қилиб қўйди: ҳар тўрт ҳолатда шишадаги сув ҳеч қанақа ишлов берилмаган оддий сув бўлиб чиқди. Бунинг устига ичимлик сув қадоқловчиларнинг ярми ўзларининг маҳсулоти «қўшимча тозаланган» оддий водопровод суви эканлигини тан олган. 18 фоиз ишлаб чиқарувчилар эса ўзларининг «маъданли сув» манбалари жойлашган жой ҳақида лом-мим дейишмайди.

Яна қарангки, чанқоғини босаётган киши қанақа сув ичаётгани, таъми қанақалигини ҳис этишга қобил эмас экан. Америка телевидениеси ходимлари Калифорниядаги нуфузли ресторанлардан бирида қизиқ тест ўтказди. Хўрандаларга битта водопровод кранидан шишаларга қуйилган, аммо ёрлиқлари ҳар хил фирмаларники бўлган сувни таклиф қилишди. Сувлар гўёки французларнинг машҳур «Ле дю Робине», Испаниянинг «Агуа де Куло» ёки Бразилиянинг тропик ўрмонларидан олинган «табиий фильтрланган сувлар» эди. Буни қарангки, шишалардаги ранг-баранг ёрлиқларга учган «синовчилар» барчасидаги сув бир идишдан олинганига қарамай, ҳар ким ўзи ичган сув «мазали» эканлиги ҳақида баҳслашиб кетишди. Бир шиша «бренд» сув нархи эса етти доллар эди.

Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.