Ички ишлар вазирлиги Каттақўрғон туманида ЙПХ инспекторлари солиқ органи ходимининг ўлимига сабаб бўлгани ҳақидаги хабарлар юзасидан баёнот берди

Ижтимоий тармоқларда Каттақўрғон туманида ЙПХ инспекторларининг фаолияти жараёнида фуқаро вафот этганлиги борасида ёлғон ёки нохолис ахборот тарқалишини ҳамда ноўрин талқинлар ва турли миш-мишларни олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги қуйидагиларни баён қилади.

Жорий йилнинг 10 июнида тунги соат 00:50 ларда Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари туманнинг “Кадан” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R-243 автомобиль йўлининг Алишер Навоий ва Мустақиллик кўчалари кесишмасида жамоат тартибини сақлаш бўйича тунги хизмат вазифасини бажараётган вақтида, фуқаро А.А. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автотранспорт светофорнинг қизил чироғидан тўхтамасдан ўтиб, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, автотранспортда юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлган.

Ҳудуддаги 4R-243 автомобиль йўлининг 7 километрига етганида “Кобальт” йўл қатнов қисмининг ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи автотранспортни ташлаб, пиёда қочишга уринган.

Ҳуқуқбузар, ходимлар томонидан ушланиб, ўта маст ҳолатда бўлганлиги гумон қилиниб, тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилганида, фуқаро А.А. ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсата бошлаган.

Шу вақт оралиғида тиббий кўрикка олиб бориш учун транспорт воситасига ўтказилган фуқаро А.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, воқеа жойига тез тиббий ёрдам хизмати чақиртирилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай фуқаро А.А. вафот этган.

Ҳодиса содир бўлган жой Ички ишлар вазирлиги Ўз хизмати бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими иштирокида туман прокуратураси томонидан кўздан кечирилиб, ҳужжатлаштирилган.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув якуни бўйича жамоатчиликка тўлиқ ахборот берилади.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан ўрганилмаган, ёлғон ва миш-мишлардан иборат маълумотларни тарқатишдан тийилишлари сўралган.