Ички ишлар ходими қоидабузар ҳайдовчини тутиш учун қурол ишлатди
Тошкент шаҳар ИИББ ходими маст ҳолатда йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ва ходимларга қурол билан пўписа қилган ҳайдовчини қўлга олиш чоғида қурол қўллашга мажбур бўлди.
7 декабрдан 8 декабрга ўтар тунда тахминан соат 3.10 да Чилонзор туманидаги Муқимий ва Байналминал кўчалари кесишмасида “Лабо” русумли автомобилни бошқариб борган ҳайдовчи бетон тўсиққа тўқнашган. ЙТҲ оқибатида “Лабо” автомобили ағдарилиб кетган. Ҳайдовчига ёрдам бериш учун ИИББ ходимлари ва ҳодиса гувоҳлари келиб, автомобилни ғилдиракларига ўнглаб қўйишган.
Воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган ППХ ходими йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ЙТҲ ҳақида хабар берган. Ҳайдовчидан тиббий ёрдам кераклиги ҳақида сўрамоқчи бўлганида, ППХ ходими ҳайдовчининг ғайритабиий ҳаракатлари ва гапларига ҳамда ҳаракатларида мувофиқлик йўқлигига эътибор қаратиб, бу ҳақда ЙПХ инспекторларини огоҳлантирган. Тахминга кўра, ҳайдовчи психотроп воситалар ёки спиртли ичимликлар таъсири остида бўлган. Кутилмаганда ҳайдовчи ЙТҲ жойига етиб келган ЙПХ инспекторларига қаршилик кўрсатиб, тинчланиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги чақирувларга жавобан тажовузкорона ҳаракатлар қилган.
Ёнидаги пичоғини чиқариб, кимда ким яқинлашса, унга жароҳат етказиши билан қўрқитган. Ўтиб кетаётган ҳайдовчи ва пиёдалар тўхтаб томоша қила бошлаганлари сабабли ҳодиса атрофида одам кўпая бошлагач, фуқаролар ва ходимлар ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф юзага келган. Шунда ЙПХ инспектори, кичик сержант Т.О. табель қуролини қўллашга қарор қилган.
ЙПХ инспектори бир неча марта ҳайдовчини қўрол қўллаши ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи ўзини агрессив тутишда давом этиб, ходимларга пичоқ санчмоқчи бўлган. Шундан сўнг ЙПХ инспектори йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, осмонга ўқ узди, бу ҳам қоидабузарга таъсир қилмаганидан сўнг, унинг оёғига қарата ўқ ўзди.
Шундан сўнггина қоидабузар пичоғини ташлади. Унинг қўллари кишанланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилди.
Ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида у Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш) ва 109-моддалари (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) бўйича судланган 43 ёшли Нусрат И. эканлиги маълум бўлди.
“Лабо” автомобили салонида очиқ ҳолатдаги ароқ ва коньяк шишалари топилди.
Ҳозирги вақтда фуқаро Нусрат И. ўз ҳаракатларини тушунтиришга қодир эмас. Чунки у айни дамгача маст ҳолатда.
Чилонзор тумани прокуратураси Нусрат И.га нисбатан жиноий иш қўзғатилиши масаласи билан шуғулланмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Р.Жўраев ходимларни рағбатлантириш ҳақида топшириқ берди.
Маълумот учун, ўқотар қуролни қўллаш Ўзбекистон Республикаси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддаси билан белгиланган.