ИИВ Фарғонадаги икки мактаб раҳбарининг автоҳалокатда вафот этишига оид хабарларга расмий муносабат билдирди

Ички ишлар вазирлиги ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган Фарғонадаги мактаб раҳбар ходимлари вилоят ҳокимининг тунги селекторига чақирилганини инкор қилди.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра, 2019 йил 29 сентябрь куни соат 20:45 ларда Данғара тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 25-сонли мактабнинг директор ўринбосари М.Д. “Нексия” русумли автомашинасида Қўқон шаҳри томон кетаётган бўлган. Машинада яна икки мактаб директор ўринбосари ва Данғара тумани халқ таълими бўлими қоровули бўлган. М.Д. бошқарувидаги “Нексия” йўлда кетаётиб, бетон тўсиқ устига чиқиб кетган ва йўлни ёритувчи темир столбага урилган.

ЙТҲ оқибатида автомашина ҳайдовчиси ҳамда олди ўриндиқда бўлган йўловчи Данғара туманидаги 26-сонли мактабнинг директор ўринбосари У.Ш.лар воқеа жойида ҳалок бўлган. Орқа ўриндиқда бўлган тумандаги 38-сонли мактабнинг директор ўринбосари Т.Л. туман Халқ таълими бўлими қоровули М.Б.лар тан жароҳати олган. Улар шифохонага жойлаштирилган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган маълумотларга кўра, улар вилоят ҳокимиятига кечки селектор йиғилишига чақиртирилганлиги айтилган. Аммо ИИВ муносабатида бу маълумотлар асоссизлиги аниқлангани келтирилган. Муносабатда келтирилишича, 29 сентябрда Фарғона вилояти ҳокимлигида йиғилиш ёки селектор ўтказилиши белгиланмаган. Йўл-транспорт ҳодисасига учраган ҳайдовчи ва йўловчилар эса ўзларининг шахсий юмушлари билан Данғара туманидан Қўқон шаҳрига кетаётган бўлган.

“Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган хабарда.