Ижарага берилган ер майдонини сотган ургутлик фермерга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан Ургут туманида яшовчи Ҳ.А. (аёл киши)га нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар берди Самарқанд вилояти иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати.
Хабарга кўра, Ҳ.А. Ургут туманидаги фермер хўжаликларидан бирига раҳбарлик қилиб келган. У туман ҳокимининг қарори билан узоқ муддатга ижарага берилган ер майдонининг 0,10 гектарини бир фуқарога ноқонуний равишда сотиб юборган.
Қайд этилишича, Ҳ.А. фуқаро Б.Б.нинг ишончига кириб, уларнинг пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида фермер хўжалиги ер майдони сотилмаслигини билиб туриб, уларни алдаб, Ургут туманида жойлашган фермер хўжалигига туман ҳокимлиги томонидан ижарага ажратилган ер майдонидан 10 сотих бўлган ер майдонини келгусида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш шарти билан 1700 АҚШ долларига баҳолаб, ноқонуний равишда сотган.
Ургут туманидаги фермер хўжалиги раҳбари Ҳ.А. Б.Б.га тегишли бўлган 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган. Ҳ.А. “келишилган” сумманинг қолган қисми - 700 АҚШ долларини Б.Б.дан олаётган вақтда департаментнинг Ургут тумани бўлими ва Давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.