Икки давлат чегараси бўйича бўлинган шаҳарлар
Чегаралар мамлакатлар орасидаги далалар ва ўрмонлар, чўллар ва тоғлар, денгизлар ва дарёларни бўлади. Чегара бирор-бир шаҳар ичидан ўтиб, уни икки давлатга бўлиши ҳақида эшитганмисиз?
Бугун ана шундай шаҳарлар билан танишамиз.
Никосия ва Лефкоса (Юнонистон ва Туркия)
Никосия шаҳри дунёдаги икки давлат ўртасида бўлинган ягона давлат пойтахтидир. Кипрнинг бўлиниши 1974 йилда турк қўшинлари оролга бостириб киргандан кейин содир бўлган. Ўшанда босқин натижасида бутун Кипр ва унинг пойтахти икки қисмга бўлинган. Энди эса шаҳарнинг грекларга тегишли бўлган қисми Никосия, турклар таъсири остида қолган иккинчи қисми эса Лефкоса номланади.
Гёрлиц ва Згожелец (Германия ва Польша)
Бир вақтлар у битта Гёрлиц номли шаҳар бўлган ва Германияга тегишли эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германия бўлинди, босиб олинган ерларнинг бир қисми Польшага ўтди. Бўлиниш Нейс дарёси бўйлаб содир бўлди ва кўп йиллар давомида чап, яъни шаҳарнинг асосий қисми Германияга, ўнг томони эса Згожелец номи билан Польшага қарарди. Илгари шаҳарнинг бир қисмидан бошқасига бориш учун махсус йўлланмалар талаб қилинарди. Польша Европа Иттифоқига қўшилганидан сўнг, маъмурий жиҳатдан турли мамлакатларга тегишли бўлса-да, шаҳар ягона "организм"га айланди.
Астара (Эрон ва Озарбайжон)
XIX аср бошларида у оддий форс шаҳри эди. 1828 йилда бўлиб ўтган рус-форс уруши Туркмансой тинчлик шартномаси имзоланиши билан якунланиб, Астара шаҳрини ажратиб қўйди.
Шаҳарнинг ўнг қисми Форс (ҳозирги Эрон)га, чап қисми эса чор Россиясига ўтган. Бўлиниш худди шу номдаги дарё бўйида бўлиб ўтди ва узоқ вақт давомида қачонлардир битта шаҳар аҳолиси бўлган кишилар бир-бирлариникига ташриф буюра олмаган. Ҳозир эса бундай муаммолар йўқ. Чап қисми энди Россияга эмас, Озарбайжонга тегишли бўлиб, бир хил номдаги икки шаҳар аҳолиси мутлақо тўсқинликсиз ҳаракатланиши мумкин. Эрон Озарбайжон аҳолисига ўз ҳудудига 15 кун давомида визасиз киришга рухсат берди.
Гориция ва Нова-Горица (Италия ва Словения)
Бу шаҳар узоқ вақт давомида Италия ва Югославия ўртасида бўлиниб келган. 1945 йилда фашистлар Германияси мағлубиятга учрагач, Югославия партизанлари Италиянинг Горициясига кириб, шаҳарни Муссолини тузумидан озод қилди ва бу ердаги этник итальянлар ва словенлар манфаатини ҳисобга олган ҳолда шаҳар икки қисмга бўлинди.
Югославияга шаҳарнинг шарқий қисми ўтди ва Нова Горица номини олди. Италияга эса барча гўзал саройлар ва соборлар билан бирга ғарбий қисми тегди. Югославиянинг парчаланиши натижасида ташкил этилган Словения Шенгенга кирганидан сўнг 2004 йилда маъмурий жиҳатдан икки мамлакат ўртасида бўлинган Гориция яна деярли ягона шаҳарга айланди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.