Икки тилли бир халқ дилдан суҳбатлашди

Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ҳамроҳлигида Самарқандга келди.

Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Зиннатулло Исмоилзода бошчилигидаги Тожикистон телерадиоканаллари раҳбарлари, марказий нашрлар бош муҳаррирлари, ахборот хизматлари вакилларидан иборат делегация дастлаб Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали пойига гул қўйди.

Меҳмонларнинг кейинги манзили вилоят Матбуот уйи бўлди. У ерда вилоят матбуоти тарихи музейида Самарқанд журналистикаси ўтмиши ва ривожланишига бағишланган экспонатлар билан танишди. Таҳририятларда бўлиб, ходимлар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.

Шу ернинг ўзида вилоят ижодкорлари билан давра суҳбати ташкил этилди. Унда устоз журналистлар ҳамда ёш ижодкорларнинг ҳозирда жамият ижтимоий-маънавий ҳаётида иштирок этиб, жойларда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, халқимиз меҳнати, жасорати, миллатлараро тотувликни тарғиб этишдаги, уларни матбуотда ёритишдаги фаолияти ҳам ибратли экани айтиб ўтилди.

- Бу тадбирлар доирасидаги ўзаро суҳбатларимиз икки тилли бир халқни маданий-гуманитар алоқаларни янада яқинлаштиришда, азалий дўстликни улуғлашдек муштарак мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутади, - деди З.Исмоилзода. - Самарқандга қилган ташрифимиз давомида бу ердаги матбуот тарихи ва бугуни билан боғлиқ маълумотларга эга бўлиш, қолаверса, журналистлар билан янада кенгроқ ижодий алоқа ўрнатишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, Самарқанднинг бугунги қиёфаси, ўзгаришларини ҳам кўриш ва ишлаб чиқаришдаги ютуқлар билан танишиш учун келдик. Албатта, келгусида бу каби ижодий сафарларимизни кенгайтирамиз. Сизларни ҳам меҳмонга чорлаймиз.

Меҳмонлар Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди, Садриддин Айний уй-музейида бўлди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.