Иккинчи жаҳон урушида 5 ўғлини йўқотган ўзбек аёли ҳақида фильм суратга олинмоқда
“Ўзбеккино” киностудияси Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб “Илҳақ” деб номланган фильм суратга олмоқда.
Фильм реал воқеаларга асосланган бўлиб, 12 февралда суратга олиш ишларининг Ўзбекистондаги қисми якунланиб, ҳозирда суратга олиш жараёни Беларусда давом эттирилмоқда. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов бошчилигидаги суратга олиш жамоаси “Беларусьфильм” киностудияси ижодкорлари билан биргаликда Минскдаги заводлардан бирида жанг саҳналарини суратга олмоқда. Бу ерда 1943 йиллар муҳити яратилган.
Фильмга Тошкент вилоятининг Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова ва унинг кенжа ўғли Юсуф Холматовнинг тақдири асос қилиб олинган. 5 ўғил ва бир қиз фарзандни бир ўзи вояга етказган бу аёл Иккинчи жаҳон уруши вақтида барча ўғиллари – Исоқжон, Аҳмаджон, Муҳаммаджон, Ваҳобжон ва Юсуфжонни йўқотган. Уларнинг барчасига фронтдан “қора хат” келган. Бундай машъум хатлардан охиргиси Зулфия аяга 1945 йил февралида келган. Она келинлари билан бутун умри давомида фарзандлари хотирасига мотам тутган.
Ушбу фильм уруш, она меҳри, Ватан, муҳаббат ва жасорат ҳақидадир.
Фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедовнинг таъкидлашича, дастлаб фильмни фақат Ўзбекистонда суратга олиш режалаштирилган. Кейинроқ сценарий жанг саҳналари билан тўлдирилган ва суратга олиш жамоаси уларни тасвирга олиш учун атайлаб Минскка келган.
Фильм қаҳрамонларидан бири Юсуф Холматов ўз ёрига урушдан албатта қайтишга ваъда беради. Лекин у Ленинград учун кечган жангда, 20 ёшида ҳалок бўлади. Ушбу ролни ёш истеъдодли актёр, томошабинларга “Сариқ девни миниб” фильмидаги Ҳошимжон роли билан яхши таниш бўлган Бунёд Раҳматуллаев ижро этган.
“Мен ўз персонажим ҳақида гапирганимда кўзимга ёш келади. Чунки бу жуда оғир. Ота-онам уйда мени бу аҳволда кўриб, уларнинг кўзига ҳам ёш келди. Бу ҳақиқий уруш. Биз буни кўриб, яшаб ва йўқотиш нималигини англадик”, деб айтган ёш актёр.
“Бу йигитларнинг барчаси турли жойларда қаҳрамонларча жанг қилиб, ҳалок бўлишган: бири Ленинград остонасида, бошқаси Украинада, учинчиси Беларусда, тўртинчиси Варшава яқинида. Биз барча воқеаларни Минскда, Киров номидаги завод ҳудудида бирлаштирдик”, деб айтган фильм саҳналаштирувчи рассоми Наталья Навоенко.
“Бутун дунё оналари ўхшаш. Украина бўладими, Беларусь ёки Россия бўладими. Бунда миллат умуман аҳамиятга эга эмас. Ҳамма “мама” дейди. Бу фильм нафақат Зулфиянинг, балки барча оналарнинг жасорати ҳақида”, деб айтган фильмнинг иккинчи режиссёри Зафар Асқаров.
Режиссёрнинг таъкидлашича, Зулфия ая бундай кўргиликдан кейин ўзини йўқотиб қўймаган, ҳеч нарсадан нолимай, ҳаётни давом эттиришга ўзида куч топа олган. Келинларида ҳам шахсий ҳаётларини давом эттириш танлови бўлган бўлса-да, улар ҳалок бўлган эрларига содиқ қолганлар.
Таъкидлаш жоиз, фильмни яратиш ғоясини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев берганди.
Фильм премьераси май ойига белгиланган. Шунингдек, Тошкентдаги Ғалаба боғида уруш вақтидаги аёлларнинг жасорати ва матонати рамзи сифатида фильм қаҳрамони Зулфия Зокировага ҳайкал ўрнатилиши ҳам режалаштирилган.