Илмга таяниш — томорқадан даромад олиш имкониятини ҳам оширади
Ҳар қандай экин турини синовдан ўтказарканмиз, илмга, соҳа ютуқларига асосланган ҳолда маҳсулот етиштиришнинг самараси яққол кўринганига гувоҳ бўламиз. Чунки деҳқончилик ҳам шунчаки жисмоний меҳнат эмас, илмга таянади. Миллий марказ тизимидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий–тадқиқот институтининг Самарқанд илмий–тажриба станцияси томонидан ҳам ана шу асосда аҳоли томоргаларида сабзавот экинлари ва картошка етиштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйган.
Жумладан, Тойлоқ тумани Янги Ҳаёт маҳалласининг Янги Равот қишлогида истиқомат қилувчи Хуршид Омонов хонадонида 12 сотих майдонга иситилмайдигон иссиқхонада эртаги муддатларда ички бозорларга чиқариш мақсадида сабзи етиштирилмоқда.
Хонадон соҳибига Самарқанд илмий–тажриба станцияси илмий ҳодимлари томонидан сабзи етиштиришдаги агротехник тадбирлар, шу жумладан ўғитлаш, суғориш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ҳамда микро ва макро ўғитларни қўллашнинг самарадорлиги тўғрисида тавсиялар бериб борилмоқда. Ҳозирги кунда Хуршиджон биринчи экинни йиғиштириб олиш арафасида.
Ҳар сотих майдондан 400 кг. ҳосил чиқса 12 сотих майдонники 4800 кг. олинади. Янги сабзининг бозорда бугунги кундаги ўртача нархи 8000 сўмни ташкил қилади.
Томорқачи эса маҳсулотни килосини 6000 сўмдан сотганда ҳам 28,8 млн. сўм даромад олишни мўлжалламоқда. Худди шу каби иккинчи ва учинчи экинларни етиштиришни ҳам илмий асосда ташкил этилиб, ҳар бир экиндан ўртача 20 млн. сўмдан даромад олинса 12-сотих томорқадан йилига 60 млн. сўм атрофида даромад олишга эришилади.