Имом Бухорий мажмуаси яқинидаги қишлоқларга табиий газ тармоғи тортилмоқда

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 февралда Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Пайариқ туманидаги буюк муҳаддис Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини тўлиқ реконструкция қилиш ва унинг ҳудудини ободонлаштириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.

Айни пайтда мажмуа ва унинг атрофида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнда мазкур қадамжо жойлашган Хартанг ва унга яқин қишлоқларни ҳам обод қилиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Президент топшириғига кўра, Понг, Бўйрачи, Хўжа Исмоил, Чоштепа қишлоқларининг 1591 та аҳоли хонадонига табиий газ тармоғи тортиш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа қиймати 7 миллиард 93 миллион сўм бўлган қурилиш-таъмирлаш ишлари “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалининг қурилиш ва монтаж бошқармаси қурувчи-муҳандислари томонидан амалга оширилмоқда.

– Лойиҳага кўра, 14,2 километр масофага табиий газ тармоғи тортилади, – дейди  “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали қурилиш ва монтаж бошқармаси бошлиғи Акмал Янгибоев. – Ҳозирга қадар қишлоқларни халқа тарзида ўраш мақсадида 3 километр масофага қувур ташланди. Тармоқ асосан, ер остидан ўтиши туфайли ер қазиш ишлари замонавий механизмлар ёрдамида бажарилмоқда. Ҳар бир кўчада алоҳида газ тақсимлаш қутилари ўрнатилмоқда. Бу эса табиий газни хонадонларга бир меъёрда тақсимлаш имконини беради. Юқори босимли газ қувурларини тортиш ишлари якунланиши арафасида. Сўнгра, асосий эътибор аҳоли хонадонларига газ қувурлари тортишга қаратилади.