Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорига матбуот котиб тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосаси асосида Зоҳир Юсупов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
З.Юсупов 1989 йилда Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. 2011 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетини тамомлаган.
З.Юсупов ўтган давр мобайнида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида, шунингдек, бошқа давлат ташкилот ва идораларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби – меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра, давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилган.