“Инсон қадри учун!”: навбатдаги манзил – Зарбанд қишлоғи
Самарқанднинг олис қишлоқларида “Инсон қадри учун!” шиори остида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирларнинг навбатдагиси Иштихон туманининг Зарбанд маҳалласида ташкил этилди.
Тадбир айни пайтда юртимизда давом этаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида маҳалла ҳудудида дарахт кўчатлари экиш билан бошланди. Туман ҳокими Ш.Негматов, вилоят ҳокимининг ўринбосари ва бошқа масъуллар, маҳалла аҳли минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазди.
Маҳалла марказида янги аёллар ҳамда эркаклар сартарошхоналари фойдаланишга топширилди. “Зарбанд” оилавий шифокорлик пунктида ҳудуд аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Шундан сўнг тадбирлар 88-умумий ўрта таълим мактабида давом этди. Бу ерда таълим муассасалари ва мактабдан ташқари тўгараклар аъзоларининг кўргазмалари, спорт мусоқабалари, театр ва цирк томошалари намойиш қилинди. Пойтахтдан келган ва самарқандлик ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашув ўтказилди. Ҳарбий техникалар кўргазмаси, Миллий гвардия ходимлари ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари уюштирилди.
– Мен ҳам шу қишлоқда туғилиб, ўсганман. Зарбанднинг мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлиб, бағрикенг, самимий қишлоқдошларимнинг, устозларимнинг таълим-тарбиясини олиб, бугун пойтахтда ижод қиляпман, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ориф Тўхташ. – Ҳаётда, жамиятда ўз ўрнимни топиш, озми-кўпми муваффақиятларга эришишда ота-онам билан бирга қишлоқдошларимнинг ўрни катта деб ўйлайман. Бугун Зарбандга катта маънавий тадбирнинг меҳмони бўлиб келганимдан жуда ҳаяжондаман.
Самарқанд вилояти мусиқали драма театрининг “Тазарру”спектакли зарбандликлар ва меҳмонларга манзур бўлди.
Тадбирлар доирасида маҳалла аҳли учун эл суйган санъаткорлар иштирокида концерт дастури ҳам намойиш этилди.