Инсоний нафрат - уруш қурбонларига бағишланган даҳшатли ёдгорликлар
2018 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида рассом Вакит Туна яратган турмуш ўртоқлари томонидан ўлдирилган аёлларга бағишланган ёдгорлик суратлари бутун дунёни ҳайратда қолдирди. 440 жуфт аёллар пойабзали атиги бир йил давомида мамлакатда оилавий зўравонлик қурбонлари сонини рамзий ифодалаб берди. Бу ёдгорлик бегуноҳ қурбонларга бағишланган дунёдаги кўплаб ёдгорликлардан биридир. Ушбу мақолада уларнинг энг даҳшатлиларини кўриб чиқамиз.
Дунай қирғоғидаги пойабзаллар

Муаллиф пойабзалдан фойдаланган яна бир ёдгорлик. Венгриянинг Будапешт шаҳридаги Дунай дарёси қирғоғида тартибсиз жойлаштирилган бронзадан ясалган 60 жуфт эркаклар, аёллар ва болалар оёқ кийимлари ва этиклар гўё ўз эгасини кутиб тургандек... Пойабзаллар Холокост хотирасига бағишланган - айнан шу ерда 1944-1945 йилларда Венгрия фашистларининг “Кесишган найза” партияси аъзолари яҳудийларни йўқ қилиш учун уларни баржаларга юклаб ташлаган.
Бахтсиз қурбонларни қатл қилишдан ва уларни баржадан дарёга ташлаб юборишдан олдин, нацистлар кейинчалик пуллаш учун уларни оёқ кийимларини қирғоқда ечиб қолдиришга мажбур қилган. Режиссёр Кен Тогай ва ҳайкалтарош Дьюла Пауэр томонидан лойиҳалаштирилган ёдгорлик 2005 йилда яратилди.
Лидица болаларига бағишланган ёдгорлик

Ушбу ёдгорлик нацистларнинг Чехиядаги энг даҳшатли жиноятларидан бири қурбонлари хотирасига бағишланган. 1942 йилнинг 9 июнида немис жандармлари Прагадан 20 километр узоқликда жойлашган Лидица кончилар қишлоғини ўраб олди ва барча аҳолини бош майдонга тўплади. 15 ёшдан ошган барча эркаклар отиб ташланди, аёллар эса Равенсбрюк концлагерига юборилди. Қишлоқ ёниб кулга айланди.
Тўқсон саккиз нафар боланинг 13 нафари "немислаштириш" учун танланиб, шаҳар ташқарисига олиб кетилди. Қолган 82 нафари Хелмно яқинидаги ўлим лагерига жўнатилиб, дарҳол газ камерасида йўқ қилиб юборилди. Рассом Мария Учитилова томонидан бронзадан ясалган ёдгорликдаги қирқ икки қиз ва 40 нафар ўғил бола Лидица тмоон қараганча қотиб қолган.
Музли жуссалар

Юқорида тасвирланган барча ёдгорликлар бронза ёки бетондан ясалган. Бироқ, худди шундай таъсирга эга камбардошли материаллардан яратилган ёдгорликлар ҳам бор. Бразилиялик ҳайкалтарош Неле Азеведо 20 сантиметр баландликдаги инсон жуссаларини яратади ва уларни урушлар ва турли табиий офатлар қурбонларини хотирлаш учун дунё шаҳарларига жойлаштириб чиқади.

Биринчи 400 жусса 2005 йилда Париждаги Опера Гарнье театр зинапояларида ўрнатилди, ундан кейин 2006 йилда Германиянинг Брауншвейг шаҳридаги Бургплац майдонида муз одамчаларнинг 500 дан ортиғи, 2006 йилда эса Порто ва Флоренцияда 1200 тага яқин ҳайкал ўрнатилди. 2014 йилда Бирмингемдаги Чемберлен майдони зинапояларида Биринчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига бағишланган бу жуссачаларнинг 5 мингдан ортиғи пайдо бўлди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.