Интернат-мактаб тарбияланувчиси калтакланганлиги юзасидан жиноят иши очилди
2020 йил 12 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Яшнобод туманида жойлашган 103-ёрдамчи интернат-мактаби тарбияланувчиси калтакланганлиги ҳақида видеоёзув тарқалган.
Ҳолат бўйича Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.
Аниқланишича, 2020 йил 11 декабрь куни фуқаро К.З. (аёл) Яшнобод тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, унда ақли заиф, вояга етмаган қизи мактаб-интернатидан тан жароҳатлари билан келганини маълум қилиб, айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, вояга етмаган қиз танасида “Ўнг елка соҳаси ва ўнг кўкрак соҳаси, ўнг кўкрак соҳаси остки қисмлари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ҳамда кўкариши” каби тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва тегишли даво чоралари тавсия қилинган.
Шу билан бирга вояга етмаган қизнинг танасидаги жароҳатларининг келиб чиқиш механизми ва оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид экспертиза тайинланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.