Инвесторлар Самарқандга интилмоқда

Самарқанд – Қарши йўлидан бораркансиз, Самарқанд туманидан чиқиб, Нуробод ҳудудига киришингиз билан бепоён дашт, кенгликларга кўзингиз тушади. Ҳар-ҳар жойда узоқда қорамтир бўлиб кўриниб турганлар - қўй подаси. Кейин “Сазағон” ҳарбий дала ўқув машғулот майдони кўзга ташланади. Шу тарзда 20-30 километр йўл юриб, айрим сийрак қишлоқларни айтмаганда, дашт оралаб кетаверасиз.
Йўғ-е, бунақа жой йўқ, дейсизми? Тўғри. Таърифлаганимиз бундан етти-саккиз йил олдинги манзара, борингки, ўн йиллар олдин ушбу йўлдан ўтганингизда кўрган-кечирганларингиз шундай бўларди.
2017 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ургут” эркин иқтисодий саноат зонаси ташкил этилиши ва мазкур саноат зонаси учун Ургутдан ташқари Нуробод туманидаги Сазағон массивидан фойдаланилмай турган 137 гектар ер майдони ажратилиши ана шу чўл, дашт ҳудудга саноат кириб келишига асос бўлди. Кейин Тепақул маҳалласидан ҳам 40 гектар ер ажратилди.
Саноатни ким яратади? Инсон. Инсон қадами етган жой эса, агар ҳафсала қилинса, ерга меҳр берилса, обод бўлади, боғу бўстонга айланади. Бугун азалдан боғдорчилик, сабзавотчилик ривожланган Самарқанд туманидаги яшиллик ўша катта йўлдан Нуробод ҳудудига ўтишингиз билан даштликларга ҳам кўчгани, бир-биридан улкан саноат корхоналари атрофи ободликка юз тутгани гувоҳ бўласиз.
“Нуробод технопарки” махсус саноат зонаси ташкил этилади
Албатта, шу пайтгача на йўли ва на сув, электр, гази бўлган ҳудудда бўш майдонни тадбиркорга ажратиб берган билан саноат яратилмайди, завод-фабрика бино бўлиб қолмайди. Бундай жойга инвестор-ку қадам босмайди, ҳатто ўзимизнинг тадбиркорлар ҳам пул тикмайди-да. Шунинг учун давлат муҳандислик-коммуникация тармоқлари яратиб беришни ўз зиммасига олди. Дашт ҳудудда равон йўллар очилди, электр, газ тармоқлари тортилди, сув чиқарилди. Шароит яратилгач, иш олдинга кетди. Бирин-кетин янги корхоналар очилди, қўшма корхоналар ташкил этилди. Хорижий давлатлардаги йирик компаниялар, йирик сармоядорлар инвестиция киритишдан чўчимади.
Ҳозирда бу ерда ўндан ортиқ йирик корхона фаолият кўрсатиб, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Айни пайтда эса арматура ва бошқа металл маҳсулотлар тайёрловчи “PLATINUM METALL INDUSTRY”, юк ташувчи автомобиллар учун устқурма ва ёрдамчи элементлар тайёрловчи “DAO HU QI CHE”, доломит ва мармар тошни минералларга бойитувчи “EXPOIMPO” корхоналари иш бошлаш арафасида турибди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 4 августдаги қарорига кўра, Сазағон массивида бўш турган 115,3 гектар ер майдонида “Нуробод технопарки” махсус саноат зонаси ташкил этилади.
Шунингдек, қарор билан Нуробод туманида инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва саноатни ривожлантиришнинг 2025–2030 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Жумладан, юқори технологияли замонавий ва сифатли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига жами 1,1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинади, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш орқали 5,1 минг доимий иш ўрни яратилади.
– Мазкур саноат зонаси Хитойнинг “Xinjiang Urumchi New Vision Investment Development Co., Ltd” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда, – дейди вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шероз Собиров. – Бу ерда 2025-2029 йилларда электротехника, биоорганик ўғитлар, текстиль, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 472 миллион АҚШ доллари бўлган 20 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилади. Ишлаб чиқариш бинолари кўп қаватли, яъни 3-4 қават қилиб қурилади. Бу ер майдонидан ҳамда коммуникация тизимларидан самарали фойдаланиш имкониятларини оширади. Махсус саноат зонасини бошқариш учун “New Vision Investment Development” МЧЖ хорижий компанияси ташкил этилди.
Шу пайтгача Хитой компанияси раҳбарлари билан бир неча марта мулоқотлар ўтказиб, инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилдик, вазифаларни белгилаб олдик. Яқинда ўтказилган учрашувимизда махсус саноат зонасида шамол электр станцияси ташкил этиш лойиҳасини муҳокама қилдик. Музокаралар давомида мутахассислар билан лойиҳа учун қулай жойни аниқлаш, қурилиш ва техник босқичларни белгилашга келишиб, инфратузилма ва техник имкониятлар бўйича дастлабки таҳлилларни амалга оширдик.
Самарқандга европалик инвесторлар қизиқиш билдирмоқда
Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда 3,6 миллиард долларлик хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш белгиланган. Йилнинг биринчи ярмида 1 миллиард 87 миллион, шундан ҳудудий лойиҳаларда 669,6 миллион, тармоқ лойиҳалари ҳисобига 417,2 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга кўп демакдир.
– Давлатлар кесимида таҳлил қилинганда, инвестицияларнинг салмоқли қисми Хитой (381,6 миллион доллар), БАА (37,1 миллион доллар), Озарбайжон (25,9 миллион доллар), Туркия (20,1 миллион доллар) ҳиссасига тўғри келмоқда, - дейди Шероз Собиров. – Мисол учун, Самарқанд шаҳрида Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда “Azia Metall Prof” қўшма корхонасида умумий қиймати 143 миллион доллар бўлган пўлат эритиш, маиший техника ва автомашиналар учун тунука лист, рух ва полимер қопламали тунука ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тасдиқланган ҳудудий инвестиция дастурига кўра, 2025 йилда қиймати 1 миллиард 632 миллион долларлик 834 та лойиҳа ишга туширилиб, 23,3 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилади. Шу асосда биринчи ярим йилликда қиймати 199,2 миллион долларлик 332 та лойиҳа ишга туширилиб, 3870 та иш ўрни очилди. Мисол учун, Самарқанд туманидаги “Marjona Diyor Tekstil” МЧЖ негизида замонавий хусусий институт ҳамда савдо комплекси ташкил этиш лойиҳаси доирасида 10,5 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиб, 200 та янги иш ўрни яратишга эришилди. Лойиҳаларнинг салмоқли қисми йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган ва албатта, белгиланган кўрсаткичга эришилади.
Вилоятга сармоя жалб қилишда хорижий давлатларга ташрифлар ҳамда чет эллик инвесторларни юртимизга таклиф қилиш, биргаликда бизнес-форумлар ўтказиш муҳим омил бўлмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида вилоят ҳокимлигига 56 давлатдан 170 дан ортиқ хорижий компания вакиллари келиб, ҳудуд раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди. Бу учрашувларда жами 4,6 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди. Вилоят расмийлари ва тадбиркорлардан иборат делегацияларнинг Хитой, Малайзия, Индонезия, Қувайт ва Францияга хизмат сафарлари давомида 1,2 миллиард долларлик 97 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
- Кейинги йилларда Европа давлатларидаги компания ва тадбиркорларнинг Самарқандга қизиқиши ортиб бормоқда, - дейди Шероз Собиров. – Айниқса, вилоятимиз ҳокими бошчилигида Франция ва Италияга амалга оширилган хизмат сафарлари давомида ҳудудлар раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашувлар, тақдимотлар самарасида бир қатор компаниялар Самарқандга инвестиция киритиш истагини билдирди. Бундан ташқари, яқинда вилоятимиз делегацияси Япония томони таклифи билан ушбу мамлакатда бўлдик. Самарқанд вилояти ва Нара перефектураси ўртасида йўлга қўйилган биродарлик алоқалари туфайли ушбу ҳудуд раҳбарияти биз билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, сафаримиз давомида Осакадаги халқаро кўргазмада қатнашиб, Самарқанднинг иқтисодий имкониятлари ва инвестициявий жозибадорлиги тўғрисида тақдимотлар ўтказдик. Вилоятимиз ҳокими кўплаб тадбиркорлар, йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашди. Бу мулоқотлар натижасида умумий қиймати 280 миллион долларлик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича дастлабки келишувлар имзоланди. Яқин кунларда Япония томони жавоб ташрифи билан Самарқандга келиши ва келишувларни мустаҳкамлаш кутилмоқда. Ушбу сафар давомида Корея республикасининг Сеул, Пусан шаҳарлари ва Чхунчхон-пукто провинциясида ҳам самарали учрашувлар ўтказилди. Сеулда бизнес-форум ташкил этилди. Бу сафар давомида ҳам 200 миллион долларлик меморандумлар имзоланди.
Экспорт 1 миллиард долларга етказилади
Инвестиция лойиҳалари билан танишиш жараёнида шунга амин бўлдикки, хорижлик тадбиркорлар ва йирик компаниялар Самарқандда асосан замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, маиший техника воситалари учун бутловчи буюмлар тайёрлаш йўналишларига сармоя киритиш ниятида экан. Чунки вилоятга импорт қилинаётган товарларнинг асосий қисми ушбу йўналишларга тегишли. Албатта, бундай ёндашув вилоятда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиради.
Ўз навбатида вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги қарори билан 2025 йилда вилоят экспорт ҳажмини 850 миллион АҚШ долларига етказиш белгиланган. Бунда экспортнинг салмоқли қисми (617,7 миллион доллари)ни саноат маҳсулотлари ташкил қилиши эътиборли. Чунки яқин йилларгача нафақат Самарқанд, умуман, юртимиздан хорижга асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинган. Мамлакатимизда саноатни жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, тармоқнинг давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланиши натижасида бугун экспорт қилинаётган товарлар таркибида саноат маҳсулотлари асосий ўринни эгалламоқда.
Вилоятда жорий йилнинг январь-июнь ойлари учун 328,9 миллион доллар экспорт прогнози белгиланган бўлиб, амалда 462,9 миллион доллар қийматидаги маҳсулотлар хорижга сотилган. 480 та корхона томонидан жами 738 турдаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилган. Масъулларнинг айтишича, йил якунигача вилоятнинг экспорт кўрсаткичини 1 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.
Ғолиб Ҳасанов.