Иқтисодий барқарорлик аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бош муҳаррири саволларига жавоблари
– Эркинжон Оқбўтаевич, 2024 йилнинг ҳам дастлабки ойи ортда қолмоқда. Одатда бу пайтда ўтган йил натижалари сарҳисоб қилинган ҳолда, янги йил режаларини амалга оширишга киришилади. Ҳудудлар, тармоқларда бу жараён бошланди ҳам. Вилоят раҳбари сифатида 2023 йил натижаларидан қониқдингизми ва шундан келиб чиқиб, 2024 йил учун қандай устувор йўналишлар белгилаб олинди?
– Эътибор берган бўлсангиз, 2023 йилнинг декабрь ойида ва янги йилнинг дастлабки ойида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз ҳаётининг муҳим соҳалари бўйича йиғилишлар, муҳокамалар ўтказилиб, йил сарҳисоб қилинди ва 2024 йил учун вазифалар белгилаб берилмоқда. Саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишига эришиш ва бошқа масалалар юзасидан ўтказилган йиғилишларда айни шу жиҳатлар устувор бўлди. Яқинда Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги мажлисида ҳам нафақат мамлакат мудофаа ва ҳарбий соҳаси, балки иқтисодиёт, халқ турмуш фаровонлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Демоқчиманки, ўтган йил натижаларини атрофлича таҳлил қилган ҳолда, янги йил режаларини белгилаб олганмиз, олдимизга жуда катта мақсадлар қўйилган.
Вилоят раҳбари сифатида эса ўтган йил натижалари йил бошида қилган ният ва амалий ишларимизга яраша бўлди, десак тўғри бўлади. Қайси соҳа ёки тармоқ масъуллари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасидаги масъулиятни ҳис қилиб ишлаган, дастурлар ижросига жиддий эътибор қаратган бўлса, ўша соҳада ёки ҳудудда ўсиш-ривожланиш кузатилди, халқ турмуш даражаси ошди. Аслида ҳам барча ҳаракат ва мақсадларимиз вилоятимиз ривожи, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган.
Фикрларимни айрим рақамлар билан асосласам. Ўтган йилнинг дастлабки натижалари вилоятимиз ялпи ҳудудий маҳсулоти 74,2 триллион сўмдан ошиши ёки 105,2 фоизга бажарилишини кўрсатмоқда.
Умумий қиймати 2 миллиард 34 миллион доллар бўлган 1876 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 28 мингта янги иш ўрни яратилди. Экспорт ҳажми 600 миллион долларга етди.
Маҳаллий бюджет даромадлари 4 триллион 451 миллиард сўмга бажарилиб, қўшимча 301,5 миллиард сўм маблағ туширишга эришилди. Ушбу маблағ ҳисобидан таълим ва тиббиёт соҳаларини ривожлантириш, ҳудудларни обод қилишда самарали фойдаланилди.
Бандлик дастурига кўра, 491 мингдан ортиқ аҳоли ўз иш жойига эга бўлди. Йил давомида 7300 дан ортиқ кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 55 мингтага етди.
Ўтган йил натижалари таҳлили ва олдимизда турган вазифалардан келиб чиқиб, бу йил ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 87,8 триллион сўмга етказишни, 3 миллиард 10 миллион долларлик 2048 та инвестиция лойиҳасини ишга туширишни мақсад қилганмиз. 855,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилади. Экспорт ҳажми 624,2 миллион долларга етказилади.
Бу йил вилоятда саноатни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ва унинг филиалларида, туман ва шаҳарлардаги кичик саноат зоналари, ёшлар саноат зоналарида истиқболли лойиҳаларни жойлаштирган ҳолда экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга устувор аҳамият берилади. Шунингдек, IT соҳасини ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Бу – бугунги тараққиёт, замон талаби. Ушбу соҳаларда интеллект, ёшларимизнинг ақл-заковати билан юқори натижаларга эришиш, янги иш ўринлари яратиш мумкин.
Вилоятимиз иқтисодиётида кейинги йилларда саноатнинг улуши ошиб бораётган бўлса-да, қишлоқ хўжалиги етакчи тармоқ ҳисобланади. Соҳада ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва саноатлаштириш даражасини ошириш асосий мақсадларимиздан ҳисобланади. Лекин кейинги йилларда сув таъминоти долзарб масалага айланмоқда. Шунинг учун бу йил сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида 2,5 минг километрдан ортиқ канал, ариқ-зовурларни бетонлаштириш, шунингдек, 54,8 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган. Бунинг натижасида 155 миллион куб метр сув иқтисод қилинади.
Умуман, ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари томонидан макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш ҳамда инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишларида жорий йилда олдимизда турган вазифалар аниқ белгилаб берилди. Шу асосда, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқяпмиз.
Катта, салоҳиятли вилоятга айландик. Аҳолимиз сони 4 миллиондан ошди. Шунча аҳолининг озиқ-овқат таъминоти, уй-жой билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш зарур. Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ дастур ва режаларимиз бор ва бу орқали вилоятимиз аҳолисига муносиб турмуш шароити яратишга интиляпмиз.
– Ўтган йил декабрь ойида ҳокимлар ва бир гуруҳ тадбиркорлар билан Хитойга амалга оширган ишчи ташрифингиз йил режаларига қанчалик таъсир қилди?
– Нафақат Хитой, балки бошқа давлатларга ташрифларимиз ҳам ўрганиш, тажриба алмашиш ва вилоятимизга инвестиция олиб келиш учун қулай имконият бўлмоқда ва бу албатта, режаларимизга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Президентимизнинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлик сиёсатида минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш устувор йўналиш ҳисобланади. Шунинг учун ҳар бир ташриф доирасида хорижда ва юртимизда бизнес-форумлар, минтақалар раҳбарларининг учрашув ва мулоқотларини ўтказиш анъанага айланди. Жумладан, Хитой билан ҳам ана шундай ҳамкорлик йўлга қўйилгани биз учун манфаатли бўлмоқда.
Халқимизда «Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил», деган нақл бор. Мен уни замонавий шаклда «яна бирни кўриб зикр қил», деб давом эттиришни истардим. Чунки тажриба, биз истаймизми-йўқми, амалиётдан келади. Бундан ташқари, ривожланган давлатлар тажрибаси биз учун доимо ибрат. Шунинг учун давлатмиз раҳбарининг ўзи қайси юртга бормасин илғор хориж тажрибаларини синчиклаб ўрганмоқда ва уни бизларга пухта ўрганишни, чет эллик, бозори бор сармоядорларни мамлакатимизга жалб этиш топшириғини бермоқда.
Бу ташриф беиз кетмади, самарали бўлди. Умумий қиймати 5,1 миллиард долларлик 267 та лойиҳа бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Ушбу лойиҳаларнинг аксарияти 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳар бир келишув бўйича шаҳар ва туман ҳокимлари масъуллигида ишлар ташкил этилиб, лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан хитойлик ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатилган.
Ташриф давомида мени қизиқтирган эътиборли жиҳат Хитой давлатининг ёшларни замонавий технологияларга ўргатиши бўлди. Ёшларнинг иштиёқ билан илм, технология ўрганаётганини кўрдим. Лекин уларга дунёнинг турли давлатларидан келган етук мутахассислар дарс беряпти. Ёшларга имкониятлар ҳам яратилган.
Хабарингиз бор, биз ҳам Нурободда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда шундай марказ яратганмиз. Яқинда бу марказ фаолияти давлатимиз раҳбари томонидан ҳам эътироф этилди ва бутун республикада ушбу тажрибани жорий этиш белгиланди. Энди Самарқанд шаҳри марказида, кўп қаватли маъмурий бинонинг беш қаватини ана шундай иқтидорли ёшларга бермоқчимиз.
Бугун дунёдаги иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатлар орасида етакчилик қилаётган Хитойнинг аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасини тараққий эттириш бўйича тажрибаси бизга жуда қўл келмоқда.
– Умуман, ўзимиздаги ва Хитой минтақалари бошқарувида қандай ўхшашлик ва фарқли жиҳатлар, ўрганишимиз керак бўлган тажрибалар бор? Уларни ўзимизда қўллаш мумкинми?
– Хитой давлати ва минтақалари коммунистик партия бошқаруви тизимига асосланган. Яъни, бизнинг бошқарув тизимимиздан тубдан фарқ қилади. Лекин бир неча бор сафарларим давомида шунга амин бўлдимки, бу халқ, айниқса, масъул шахслар қайси соҳада ишлашидан қатъий назар аввало, вақтдан унумли фойдаланади, бир дақиқа вақтини ҳам зое кетказмайди, зиммасига юкланган вазифани сидқидилдан бажаришга интилади. Тартиб-интизом жуда кучли ва бунинг натижасида барча соҳаларда иш унумдорлиги ўта юқори.
Корхоналарда раҳбардан тортиб ишчи ва хизматчиларгача ўша корхона рамзи туширилган махсус кийимларда ишлашади, бошқарув тизими, раҳбар ва ходим муносабатлари юксак маданият, қатъий тартиб-қоидага асосланган.
Рақамлаштириш ва автоматлаштириш юқори даражада – йўл ҳаракати назорати, қўриқлаш ва хавфсизлик хизмати видеокамера билан интеграция қилинган. Инсон омилисиз автоматик тарзда амалга оширилади. Барча тўловлар, буюртмалар, субъектлар фаолияти тўғрисида маълумот олиш ва алоқалар ягона электрон илова We Chat орқали бажарилади.
Халқнинг ўзига хос анъаналари, миллий қадриятлар эъзозланади. Оилавий муҳитда ҳам, меҳнат жамоаларида ҳам бу қадриятлар устувор аҳамиятга эга.
Албатта, бизнинг бошқарув тизимимиз, раҳбар ва ходим муносабатларида ўзига хос қадриятлар мавжуд. Лекин тартиб-интизом, мақсадга эришиш йўлида тинимсиз изланиш ва ишчанлик борасида хитойликлардан кўп нарса ўргансак бўлади.
– Ўтган йил давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро тадбирлар, олий даражадаги учрашувларда иштирок этиш, шунингдек, вилоятдаги ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш учун бир неча марта вилоятимизга ташриф буюрди. Албатта, ҳар бир ташрифда маълум вазифалар, топшириқлар берилади. Уларнинг ижроси қандай кечди?
– Ҳақиқатан ҳам ўтган йил давлатимиз раҳбари бир неча бор вилоятимизга келиб, гарчи ташрифлар турли мақсадларда бўлса-да, Самарқандни янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш юзасидан бир қатор вазифаларни белгилаб бердилар. Бу топшириқларнинг ҳар бири бўйича чора-тадбирлар белгиланиб амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2023 йил 24 август кунги ташриф ва шу куни ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда Президентимиз томонидан 100 та топшириқ берилганди. Бу топшириқларнинг 81 таси республика вазирлик ва идоралар, 19 таси бевосита вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда бошқарма ва ташкилотлар томонидан амалга оширилиши лозим. Бугунги кунгача ижро муддати келган 80 та топшириқнинг 71 таси бажарилган, 9 таси амалга оширилмоқда.
Жумладан, Оқдарё туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабига ташриф давомида мактабларда ўқувчиларга сифатли таълим бериш билан бир қаторда, иккита хорижий тил ва камида битта касб-ҳунар ўргатишни йўлга қўйиш вазифаси берилганди. Биз ҳар бир туман ва шаҳарда ўнтадан мактабда ушбу тизимни йўлга қўйиш ташаббусини билдиргандик ва ҳозирда бу вазифа бажарилмоқда. Барча туман ва шаҳарларда, ҳозирча, камида биттадан мактабда 10-синфдан бошлаб ўқувчилар касбга ўргатилмоқда.
Вилоятдаги 129 та мактабга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан электрон интерактив доска етказиб берилди.
Бундан ташқари, Самарқанд туманида «Нурли келажак ишонч сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан «AVTO MALL SAMARQAND» савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди. Саноат ва сервис мажмуаси қурилиши ҳам якунига етмоқда.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Самарқанд шаҳридаги «Азия металл проф» масъулияти чекланган жамиятида эса яна иккита йирик лойиҳа ишга туширилмоқда.
Ташриф давомида Каттақўрғон туманида қуввати 250 мегаватт бўлган қуёш электр станциясини ишга тушириш вазифаси қўйилганди. Мазкур топшириқ ижросига киришилиб, 2024 йил арафасида мазкур станция тармоққа уланди.
Президентимиз янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуасининг қурилиш-пардозлаш ишлари юзасидан ҳам зарур кўрсатма ва топшириқлар берган эди. Айни пайтда қурувчилар томонидан бу вазифалар ҳам бажарилмоқда.
– 2025 йилда ЮНEСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси илк бор Париж шаҳридан ташқарида, айнан Самарқандда ўтказилиши белгиланди. Бу мамлакатимиз дипломатиясининг ўзига хос муваффақияти деб баҳоланмоқда. Мазкур анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистон учун фахр ва юксак масъулиятдир. Тадбирга республика раҳбарияти бошчилигида ҳозирлик кўрилса-да, форумга Самарқанд мезбонлик қилади. Шу жиҳатдан биз учун бу нуфузли форумнинг масъулияти ва аҳамияти нимада?
- БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНEСКОга ҳозирги кунда 193 та давлат аъзо. Унинг бош конференцияси сессиялари қарийб 40 йилдан буён фақат Парижда ўтказилади. 2025 йилда эса бу конференция сессиясини биринчи марта бошқа шаҳарда, яъни Самарқандда ўтказиш белгиланди. Албатта, бу глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади.
Ташкилотнинг бундай қарорга келиши кейинги йилларда Самарқанднинг янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланиб бораётгани, кўплаб нуфузли анжуманларга мезбонлик қилаётгани ва халқаро тадбирларнинг юксак савияда ўтаётгани билан боғлиқ, албатта.
Жумладан, ўтган йили Самарқандда 40 дан ортиқ халқаро форум ва саммитлар, тадбирлар ўтказилди, бир нечта олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. 130 дан ортиқ давлат ва ўнлаб халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси Самарқандда ўтказилди.
Бу тадбирларнинг ҳар бири биз учун мактаб бўлди. Халқаро анжуманларни ташкил этиш, меҳмонлар ва туристларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш ҳамда шу орқали сайёҳликни ривожлантиришда нималарга эътибор қаратиш зарурлигини англадик.
ЮНEСКО БМТнинг энг кўп мамлакатларни ўз атрофида тўплаган йирик халқаро ташкилотларидан бири ҳисобланади. БМТга аъзо давлатларнинг деярли барчаси мазкур тузилманинг ҳам иштирокчиси саналади. Шу нуқтаи назардан ташкилотнинг Самарқанддаги сессиясида бу давлатлардан вакиллар, фан, таълим, маданият, туризм соҳалари масъуллари иштирок этади. Биз уларга нафақат тарихий-маданий ёдгорликларимизни, балки миллий маданиятимиз, ўзига хос анъана ва қадриятларимиз, юксак турмуш маданиятимизни ҳам кўрсатиб бера олсак, юртимизда туризм ривожига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Биз айни пайтда тадбирга тайёргарликни бошладик. Албатта, бу жараёнда давлат томонидан бажариладиган аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Шу билан бирга ҳар бир самарқандлик бунга ҳозирлик кўриши, ўзи масъул, деб билиши лозим.
Шу ўринда вилоят аҳлига ҳам дилимда айтадиган гапим бор. Сайёҳларнинг оқими бизга даромад келтиради, уларга хизмат кўрсатиш ҳажми кенгаяди, кўпчилик ишли бўлади. Демак, биз бу имкониятни қўлдан бермаслигимиз керак. Янги маршрутлар очиш, хизмат савиясини оширишга ҳисса қўшайлик. Уйимиз, ҳовлимиз, кўчамизни озода тутишга интилайлик. Сайёҳлик ривожланган давлатлардаги тажрибаларни ўзимизга олиб кирайлик.
– Самарқанд шаҳрида кейинги йилларда инфратузилма анча такомиллашди, лекин бу борада ҳали туманларда амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўп. Бу йил қайси ҳудудларда бу масалага кўпроқ эътибор қаратилади?
– Инфратузилма деганда биз бир киши ёки бир ишбилармон эмас, балки барчага яратиладиган шароитларни тушунишимиз керак. Ҳеч қайси давлатда инфратузилмани давлат яратиб бермайди, одамлар ўзлари келишиб, ҳар ким ўзига тегишли ишни қилади. Давлат томонидан бизда йўл, электр линияси ўтказиб берилади.
- Масаланинг моҳиятини сал кенгроқ шарҳлаб берсангиз...
- Масалан, йўл ёқасида бирорта идора жойлашган. Амалдаги қонунларда шу идора маъмурияти бино атрофини озода тутиши, йўлакни бузмаслиги, идора олдидан ўтувчи ариқдан сув оқиб туришини таъминлаши кўрсатилган. Лекин ким ана шу талабни ўртага ташлаяпти. Аҳолининг ҳам ўз ҳовлисини асраши юзасидан масъулияти аниқ, лекин буни ҳам ҳеч ким сўрамаяпти.
Бир мисолни айтай. Яқинда биз билан Хитойга борган раҳбарлардан бири фермер ҳудудидаги саранжомлик ва ариқлар тозалигини кўриб, ҳудуд раҳбарларига «Мана шу тартибни қандай амалга оширяпсизлар?», деб сўрабди. Улар эса «Нима учун уни биз уюштиришимиз керак, фермер низомида ариқни тозалаш, ҳудудни озода сақлаш мажбурияти ёзилган, агар у буни бажармаса, ери олиб қўйилади ёки катта жарима тўлайди», дебди. Биз ҳам одамларда ана шу нуқтаи назарни шакллантиришимиз керак.
Ёки «Ташаббусли бюджет» тизимини олайлик. Жойлардаги энг долзарб, муҳим масалаларни ўша ҳудуднинг аҳолиси ташаббус билан олиб чиқиб, бунинг учун маблағ ажратилишига эришяпти-ку. Мазкур лойиҳада мунтазам қатнашиб, йўл, электр энергияси билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилган, таълим ва тиббиёт муассасаларини жиҳозлаган маҳаллаларни кўрдим. Одамларнинг ўзи ҳаётини ўзгартириш, ўз турмуши фаровонлигини таъминлаш учун ҳаракат қиляпти, яъни улар ташаббус кўрсатяпти, маблағ давлат томонидан ажратиляпти. Бу ҳудуд аҳолисини ҳамжиҳат қиляпти, ободлик учун биргаликда ҳаракат қилишга ундаяпти. Муҳими, аҳоли ўзлари ҳаракат қилиб, ташаббус кўрсатиб эришган ободликни асраб-авайлашни ҳам, қадрлашни ҳам ўрганяпти.
Яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Давлатимиз раҳбари топшириғи билан туманлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир ҳудудлар «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезони асосида ободонлаштирилиб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилмоқда. Ўтган йил Каттақўрғон, Иштихон, Оқдарё, Паст Дарғом ва Нарпай туманларидаги биттадан маҳалла обод қилинди. Уч ой ичида бу маҳаллалардаги йўл, коммунал соҳа билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди, таълим ва тиббиёт муассасалари таъмирланди, аҳоли хонадонларигача обод этилди. Бу ишларда аҳолининг ўзи ҳам фаол қатнашди ва янгича шароитда турмуш кечиришга ўрганди.
Жорий йилда ушбу тизим секторбай йўлга қўйилади ва ҳар чоракда биттадан маҳалла шу тартиб бўйича обод қилинади. Айни пайтда вилоятнинг тўртта секторидаги тўрт ҳудудда – Каттақўрғон туманидаги Мелихўжа, Иштихондаги Қиёт, Паст Дарғом туманидаги Гўзалкент ва Тойлоқ туманидаги Тепақишлоқ маҳалласида амалий ишлар бошланди. Ҳар бир маҳаллада сектор ва мутасадди ташкилотлар вакиллари хатлов ўтказиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олди. Шу асосда йўл хариталари тасдиқланиб, юмушларга киришилди.
Бундан ташқари, бу йилги инвестиция дастурига ҳам ҳар бир тумандан энг муҳим, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳалар киритилган ва бу олис қишлоқларда ҳам замон талабларига мос инфратузилма яратишга хизмат қилади.
Хусусан, 106 та мактаб, 27 та мактабгача таълим, 4 та олий таълим, 10 та соғлиқни сақлаш объектлари қурилади. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 9000 хонадонли 175 та кўп қаватли уй-жой бунёд этилади. Барча дастурлар доирасида 2822 километр йўл ва 17 та кўприк таъмирланади, 122 дона сув иншооти қурилиб, 688 километр тармоқ тортилади. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 8 та подстанция ва 318 та трансформатор ва 993 километр электр узатиш тармоқлари янгиланади.
– 2024 йил «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди. Йил дастури қабул қилиниб, бу борада аниқ чора-тадбирлар белгиланади. Вилоят раҳбари сифатида Самарқандда ёшлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларида қайси йўналишларга устуворлик бериш зарур, деб ҳисоблайсиз?
– Хабарингиз бор, ўтган йил декабрь ойида вилоятимиздаги барча ҳокимлар, олий ўқув юртлари ректорлари, бир қатор бошқармалар раҳбарлари ёшлар билан учрашувлар ўтказди. Ўзим ҳам ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларни эшитдим. Жуда кўп таклифлар, ташаббуслар билдирилди. Ёшларнинг ўз тақдирига, юрт келажагига бефарқ эмаслигидан хурсанд бўлдим. Аксарият йигит-қизлар тадбиркорлик қилиш, замонавий ахборот технологияларини ўрганиш ва шу соҳада ишлаш ниятида эканлигини билдирди. Бошқа раҳбарлардан ҳам ёшлар билан учрашувларда шу каби таклифлар кўп билдирилганини эшитдим. Шунинг учун, бу йил вилоятимизда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва IT соҳасига алоҳида эътибор қаратишга қарор қилдик.
Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлаётган ёшларни, энг аввало, бизнес юритишга ўқитиш тизимини жорий қилмоқчимиз. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлар кенгаши томонидан ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий кўмак бериш тизимини йўлга қўямиз. Ёшларни йирик тадбиркорларга бириктирамиз.
Бугун вилоятимизда олий ўқув юртлари ва уларда таҳсил олаётган талабалар сони анча ошди. Лекин улар билан ишлашни фақат олий ўқув юртларининг ўзига ташлаб қўйиб бўлмайди. Талабаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, бўш вақтини мазмунли ва фойдали машғулотлар билан ўтказишини таъминлаш, қобилияти ва иқтидорига қараб, тўғри йўналтиришга ҳокимлик ва бошқа ташкилотлар ҳам алоҳида эътибор қаратиши зарур. Бу борада ҳам аниқ чора-тадбирлар белгилаб олганмиз. Ёшлар билан мулоқотимизда 2024 йил аввалида барча олий ўқув юртларида талабалар билан учрашувлар ўтказишни режалаштиргандик. Ўйлайманки, бундай мулоқотларимиз яна кўплаб янги ташаббусларга замин яратади.
Бундан ташқари, ишсиз ва хорижда меҳнат мигранти сифатида ишлаётган ёшлар, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил вояга етмаганлар, оғир тоифадаги йигит-қизлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш зарур.
Умуман, бу йил ёшлар масаласига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратиш талаб этилади.
- Сиз шу замин анъаналарида камол топгансиз, қолаверса, ишлаш жараёнида аҳоли кайфияти ва имкониятларини билиб олишга етарли вақт бўлди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Самарқанднинг, самарқандликларнинг эртасини, келажагини қандай тасаввур этасиз?
- Самарқанд ўз илмий салоҳияти ва маърифати билан дунёда рўй берган икки Уйғониш даврида ҳам яловбардорлардан бўлган. Менинг орзуим ҳам, тасаввурим ҳам меҳрим тушган бу юртни, бу элни учинчи бор ҳам ана шундай шарафга эга бўлишини кутишдир. Зеро, фидойи Президентимиз раҳбарлигида вилоятда ёрқин тараққиётга қараб бораётган шиддатли қадамлар, шу ўлка халқининг бунёдкорлик хислати бу кунларга етишимизга кафолатдир.