Иштихонда ноқонуний тарзда қум-шағал аралашмасини қазиб олаётган шахс жаримага тортилди

Бугун, 15 февраль куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Иштихон туман инспекцияси назорат инспекторлари томонидан Бешкапа маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарё дарёсининг муҳофаза қисмида рейд кузатувлари олиб борилди.

Кузатувлар давомида мазкур маҳалла фуқароси А.Ҳ. томонидан ўзига тегишли бўлган юкловчи техника воситаси ёрдамида ноқонуний тарзда қум-шағал аралашмасини қазиб олиши оқибатида экологик қонунларни бузилишига сабаб бўлиб, табиатга зиён етказаётганлиги маълум бўлди.

Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, ҳуқуқбузар томонидан "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги ҳамда "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги қонунларнинг тегишли моддалари талабларини қўпол тарзда бузганлиги ҳисобга олиниб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва жарима қўлланилди.