Ислом Каримов ҳаётига бағишланган фотоальбом тақдим этилди
Тошкент Фотосуратлар уйида «Ислом Каримов: улкан тарихий даврни мужассам этган инсон», деб номланган фотоальбомнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Нашр Мустақил Ўзбекистон асосчиси Президент Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар доирасида чоп этилди.
Мазкур фотоальбом Каримов Фонди ва Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ҳамкорлигида нашр этилди. Китобда Биринчи Президентимизнинг шахсий фотографи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фарҳод Қурбонбоев ва фоторассом Темур Қурбонбоевнинг суратлари ўрин олган.
Тақдимот маросимида альбомга киритилган Биринчи Президентнинг фотосуратлари намойиш этилди. Ушбу суратлар ўз мамлакатининг тарихини ўзгартирган, одамларни мустақилликка олиб келган ва янги давлат пойдеворини яратган буюк одам ҳақида ҳикоя қилади.
"Ушбу оқ-қора суратлар ниҳоят ҳаққонийдир: ҳис-туйғулар ва кайфиятни акс эттирган ҳолда, улар ушбу шахснинг буюклиги ҳақида аниқ тасаввур беради. Суратларда тасвирланган инсон хаёлий, ўйлаб топилган эмас, балки ўз аслидаги каби ифодаланган", дейди Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, профессор Т.Ширинов ўз табрик сўзида, ушбу фотоальбомда кўзга ташланиб турган асосий нуқталардан бири - бу давлат раҳбарининг метин ирода соҳиби бўлгани, бу у кишининг бутун бир даврни қамраб олган суратларида акс этгани, қолаверса, буюк давлат арбоби сиймосида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тарихи ҳам намоён бўлишини таъкидлади.
Фотоальбом муаллифи, фотосуратчи Фарҳод Қурбонбоевнинг таъкидлашича, фотожамланмадаги ҳар бир суратнинг ўз тарихи бор, ҳеч бир сурат шунчаки олинган эмас.