Исроилликлар COVID-19 вирусидан қандай сақланмоқда?

Ҳақиқатдан ҳам Муқаддас заминда коронавирусдан ҳеч ким вафот этмаяптими? Агар шундай бўлса, бунга сабаб нима? Ижтимоий тармоқларда ушбу саволларга жавоб бор – у ерда касалликка чалинмасликка ёрдам берадиган мўъжизали йўриқнома (рецепт) амалда.

Шифобахш ҳисобланаётган восита бор йўғи икки хил маҳсулотдан ташкил топган. Унинг ижтимоий тармоқларда кўрсатилаётган таркиби қуйидагича:

  1. Лимон.
  2. Бикарбонат (истеъмол содаси, халқ тилида “чайний сода” дейилади).

“Аралаштиринг ва ҳар куни қайноқ чой сингари итеъмол қилинг. Лимон ва истеъмол содасининг қайноқ сувдаги аралашмаси вирусни шу заҳоти нобут қилади ва уни танадан бутунлай чиқазиб юборади. Ушбу икки маҳсулот имун тизимини қувватлайди.

Айнан шу сабабдан Исроил халқи вирусга нисбатан хавотирсиз қарамоқда. Исроилдаги ҳар бир одам ухлашдан олдин, қайноқ сувга аралаштирилган лимон ва сода солиб ичади. Чунки бу вирусни ўлдириши исботланган. Мен ушбу маълумот билан ҳеч ким вирус юқтириб олмаслиги учун оилам ва дўстларим билан бўлишдим”, дея ёзилган ижтимоий тармоқлардаги хабарда.

Мазкур йўриқномага нисбатан техника фанлари номзоди, истеъмол технологиялари мутахассиси шундай изоҳ берди: “Бу бувиларнинг анъанавий йўриқномаси (“Бабушкин рецепт”). Таркибида шакар бўлмаганлиги ва табиий лимон шарбатининг мавжудлиги уни саноат газли ичимликларидан фарқли ўлароқ ҳақиқатдан ҳам фойдали. Ўткир респираторли касалликлар билан касалланган вақтда, шу қаторда ЎРВИ (ОРВИ)да ҳам кўп миқдорда суюқлик ичиш тавсия қилинишини барчамиз яхши биламиз. Суюқлик бурун ва томоқ йўлларидаги қуруқликни енгиллаштиради, асосийси, биз кўп миқдорда суюқлик ичганимизда, заҳарли моддалар танамиздан сийдик йўллари билан чиқиб кетади. Шу сабабдан ҳам касалликнинг кечиши енгиллашади. Шу билан бирга, юқорида келтирилган йўриқнома (рецепт) ёрдамида биз ҳақиқий иситмани туширувчи дори ясашимиз мумкин. Бунинг учун унинг таркибига яна бир дона аспирин, ибупрофен ёки парацетамол дори воситалари қўшилади. Бироқ уни вирусни нобуд қилиш таъсирига келадиган бўлсак – бу албатта фантастика”.

Хат муаллифлари ичимликнинг коронавирусни нобуд қила олиш хусусиятини ичимликдаги рН моддаси кўп миқдорда эканлиги билан изоҳламоқда. Коронавирус устидан ғалаба қозониш учун биздан талаб қилинадиган нарса – бу таркибидаги рН моддаси, вируснинг юқори даражали рНдан юқори бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш.

Бироқ олиб борилган янги тадқиқотлар мазкур фаразни инкор этди. 27 март куни Гонконг университетининг бир гуруҳ олимлари томонидан “SARS-CoV-2 вирусининг турли атроф-муҳит шароитларидаги барқарорлиги” номли тадқиқот чоп этилди. Тадқиқот муаллифлари шундай ёзади: “Биз, шунингдек, SARS-CoV-2 вирусини рНнинг кенг диапазонида, хона ҳароратида ўзининг экстремал даражадаги барқарорлигини сақлаб туришини аниқладик”. Улар тақдим этган маълумотга кўра, рН даражаси 3 дан 10 гача бўлган моддалар билан мулоқотга киришганда, коронавирус уч соат мобайнида нобуд бўлмаган. Шу сабабдан уни йўқ қилишдаги энг самарали усул – бу совун, антисептик воситалар ва ҳарорат. Демак, тавсия этилган усул иш бермайди. Ҳатто ушбу ичимлик билан буюмлар дезинфекция қилинганда ҳам.

Исроиллик муаллифлар ўз йўриқномаларига юқори даражали рН га эга  озиқ-овқат муҳсулотларини илова қилганлар (пастда кўрсатилган). Биз келтирилган маҳсулотларнинг рН даражасини FDA (АҚШ истеъмол маҳсулотлари ва дорилар бошқармаси) базасида тақдим этилган расмий маълумотлар билан солиштирдик ва йўриқномада келтирилган маҳсулотларнинг рН даражаси нафақат ҳақиқатдан йироқ эканлигини, балки улар бирмунча ўзгартирилганлигини аниқладик. Гап шундаки, келтирилган маҳсулотларнинг рН даражаси 7 дан паст экан. Йўриқномада уларнинг кўрсаткичлари 7 дан юқори бўлиши учун бир неча баробарга оширилган.

Бироқ ушбу маълумотлар кўрсатилган маҳсулотларнинг фойдали томонларини камайтирмайди, улар жудаям ажойиб ва фойдали. Айни вақтда уларни ҳақиқатдан ҳам кўп истеъмол қилиш зарур. Аммо улардан коронавирусни нобуд қилиш учун фойдаланиш мантиқсизлик. Исроилда COVID-19 вирусидан ўлим ҳолатларининг кам қайд этилаётгани сабаби лимонли ичимлик эмас, балки медицинанинг ривожланганидир.

Шу ўринда яна бир маълумот, Исроилда коронавирус оқибатида ўлим ҳолатлари қайд этилган. 31 март ҳолатига мамлакатда 5358 нафар одам коронавирус инфекциясини юқтирган, улардан 20 нафар бемор вафот этган.

Йўриқномада тақдим этилган маҳсулотлар рўйхати:

Лимон - рН даражаси йўриқномада: 9.9; FDA маълумоти (аслида): 2.0-2.6

Лайм – йўриқномада -  8.2; аслида – 2.8

Авокадо – йўриқномада - 15.6; аслида - 6.27 - 6.58

Саримсоқ пиёз – йўриқномада - 13.2; аслида - 5.8

Манго – йўриқномада - 8.7; аслида - 3.4 - 4.63

Мандарин – йўриқномада - 8.5; аслида - 3.32 - 4.48

Ананас – йўриқномада - 12.7; аслида - 3.2 - 4.0

Апельсин – йўриқномада - 9.2; аслида - 3.6 - 4.34

Бекзод МУСУРМОНОВ таржимаси.