Италияда кучли бўрон сув тошқинларини юзага келтирди
Кучли циклон Италиянинг Флоренция ва Пиза шаҳарларидан ўтувчи Арно дарёси сув сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлди. Пизадан ўтувчи Арно қирғоқ бўйлари қум тўлдирилган қоплар ёрдамида мустаҳкамланмоқда.
Шаҳар мери аҳолини уйда қолиш ва заруратсиз кўчага чиқмасликни сўраб мурожаат қилди. Арно дарёсидан ўтувчи кўприкларни ёпишни буюрди.
Сувнинг кўтарилиши, айниқса, Флоренция учун ўта таҳликали бўлмоқда. Машҳур Уффици галереяси жойлашган ҳудудда Арно даражаси сўнгги 20 йил ичида рекорд даражага - бир ярим метрдан юқорига кўтарилди, дея хабар беради «Ассошиэтед Пресс».
Венецияда ташриф буюрувчилар учун эҳтиёт чораси сифатида баъзи диққатга сазовор жойлар, хусусан, Италия Ренессанси ҳисобланган - Боболи боғлари ёпилди. Шунингдек, Сан-Марко майдони ҳамда Авлиё Марк черковига кириш ҳам ёпиқ. Бутхонанинг ертўла қисми деразалари қўм тўлдирилган қоплар билан тўсиб қўйилди.
Худди шундай ҳолат Италиянинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда. Моден ва Болонияда юзлаб одамлар эвакуация қилинди ва маҳаллий темир йўл ҳаракати тўхтатилди.
Расмийлар табиий офатдан кўрилган зарарни 10 миллион еврога баҳоламоқда.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.