Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жаҳон табиий ресурслар институти: 2040 йилга бориб 33 та мамлакат оғир сув танқислигига дуч келади

Бутунжаҳон Метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб дунё миқёсида 5 миллиарддан ортиқ киши сув танқислигини бошидан кечириши мумкин.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари ҳудудларда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолади.

Ҳозирги кунда сайёрамизда 2 миллиарддан ошиқ киши тоза ичимлик сув таъминотига эга эмас. Шунингдек, 3,6 миллиард киши йил давомида камида бир ойда бир маротаба сувдан етарли даражада фойдалана олмаслик муаммосига дуч келмоқда.

Жаҳон табиий ресурслар институти (WРИ) ва Британиянинг "Economist Intelligence Unit" ташкилоти тадқиқотларига кўра, 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп дуч келиши тахмин қилинаётган 33 та мамлакат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам бор.

Иқтисодиёт тармоқларида фойдаланиладиган сув ресурсларининг 21,5 фоизини республика ҳудудидаги, 78,5 фоизини қўшни мамлакатлар ҳудудидаги сув ресурслари ташкил этади. Улар асосан Амударё ва Сирдарё (61 фоиз), ички кичик дарё ва сойлар (35 фоиз), ерости сув захиралари (1 фоиз) ҳамда коллектор ва дренаж тизимларидан (3 фоиз) олинадиган сув ресурслари ҳисобига шаклланган. 

Тадқиқот доирасида 1 гектар ерни суғориш учун сарфланадиган сув миқдори, ўртача 1 куб метр сув ҳисобига етиштириладиган маҳсулот, ҳудудларда сувни тежовчи техногиялар қўлланиладиган майдонларнинг кенгайиши каби самарадорликни акс эттирувчи кўрсаткичлар асосида ҳудудларда сувдан фойдаланиш самарадорлиги индекси ҳисоблаб чиқилди.

Натижаларга кўра, Андижон ва Самарқанд вилоятлари сувдан фойдаланишда юқори самарадорликка эришган бўлса, Тошкент, Жиззах, Навоий, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида нисбатан ўртача кўрсаткич қайд этилган.

Сўнгги йилларда тежамкорлик борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида сувни тежайдиган технологиялар қўлланиладиган майдонлар Навоий (28 фоиз), Андижон (23,6 фоиз), Жиззах (21,9 фоиз) вилоятларида кенгайиб бормоқда. 

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда ЯИМнинг ҳар 1000 АҚШ долларига тенг қийматдаги улуши учун сарфланадиган сув миқдори АҚШдаги шу кўрсаткичдан 9,1 маротаба, Япониядагидан 8,6 маротаба, Германия ва Испаниядагидан 8,9 маротаба, Россия ва Хитойдагидан 8,4 маротаба юқори. ЯИМнинг сув сиғимкорлиги – бу маълум бирликдаги ялпи ички маҳсулотни яратиш учун сарфланган сув ресурслари миқдори. Бу эса ўз навбатида, республикамизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги аҳча паст эканлиги ҳамда ҳудудларда яратилган маҳсулот ва товарлар ҳажмига қараганда кўпроқ сув сарфланишини англатади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сувдан фойдаланиш самарадорлиги бевосита тежамкор технологияларни қўллаш, сув сарфини камайтирган ҳолда кўпроқ ва сифатли маҳсулот олиш чора-тадбирларини қўллаш билан боғлиқ. Шунингдек, ҳудудларда аҳолининг сувдан фойдаланиш маданиятини янада ошириш, сув тежамкор технологияларни ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда тўғри қўллаш зарур, дейилади Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти маълумотида.