Жалойирлик фермер 150 бош сигирдан кунига 4,5 тонна сут оляпти

Бундан 10-15 йил олдин кимнингдир сигири кунига 3 литрдан зиёдроқ сут берадиган бўлса, момоларимиз “фалончининг сигири яхши чиқибди”, дейишарди. Бугун эса чекка қишлоқларимизда бир кунда 30 литргача сут берадиган сигирлар бор.

Нарпай туманининг Жалойир қишлоғидаги “Agro gold spring” фермер хўжалигида 400 бошдан зиёд ана шундай зотдор қорамол боқилмоқда. 150 бош соғин сигирдан кунига 4,5 тоннагача сут соғиб олинмоқда.

Хўжаликка ёш фермер Фарруҳ Хушиев раҳбарлик қилади.

- Фермер хўжалигимизни 2013 йилда 5 гектар ерда 5 нафар ишчи билан бошлаган эдик, - дейди Ф.Хушиев. – Ўша пайтда 10 бош қорамолимиз бор эди. Қийинчиликларга сабр қилиб, муваффақиятлардан қувониб ишладик. Бугунги кунда хўжалигимиз ҳисобида 400 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, бу йил 50 гектарда пахта, 150 гектарда ғалла етиштирдик. Қолгани чорва учун ажратилган ер майдони. Шунингдек, ғалладан бўшаган ердан унумли фойдаланиш мақсадида озуқабоп маккажўхори етиштиряпмиз. 2018 йилда Нидерландиядан 165 бош зотдор қорамол олиб келдик. Уларни кўпайтириш билан ҳам шуғулланяпмиз. Айни пайтда 100 га яқин бузоқларимиз бор.

2021 йилда хўжалик қошида сутни қайта ишлаш корхонаси ташкил этиш режалаштирилган.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.