Жиноят иши қўзғатилган: Паст Дарғомдаги "300 миллион сўмга таъмирланган” кўп қаватли уй бўйича муносабат билдирилди

Кеча, 18 ноябрь куни Паст Дарғом туманидан бир гуруҳ аҳоли таҳририятга мурожаат қилиб, ўзлари яшайдиган кўп қаватли уй хароб ҳолда экани, ҳолбуки ширкат таъмирлаш ишлари учун 300 миллион сўм кредит ишлатиб юборганини маълум қилганди.

Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Унга кўра, айни вақтда “Пастдарғом мукаммал қурилиш” МЧЖ директорига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“2020 йил 18 ноябрь куни телеграм каналига "Паст Дарғом тумани Ҳовзак маҳалласидан мурожаат қиляпмиз. Жума шаҳридаги Беруний кўчаси 20-кўп қаватли уйда яшовчилар "уйимиз аҳволи жуда оғир, ширкат томонидан банкдан олинган 300 миллион сўм кредит билан уй обод бўлиши керак эди. Аммо кўп ўзгариш бўлмади. Уч йилдирки, ваъда қилишади, қоғозбозлик бўлади, аммо натижа йўқ. Ҳолатни холис ўрганадиган ташкилот борми?" деб қилинган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида, кўп қаватли уй-жойни жорий таъмирлаш объекти бўйича буюртмачи “Бегмат Адизармони Илёс” ХУЖМШ томонидан жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун нуқсон далолатнома тузилган. Нуқсон далолатнома асосида 2018 йилда “Меъморқурилишлойиҳа” МЧЖ томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тузилган бўлиб, қуввати қўшимча қиймат солиғисиз 208 563 965 сўмни ташкил этган.
“Пастдарғом мукаммал қурилиш” МЧЖ директори томонидан 2018 йилда тузилган (санаси кўрсатилмаган) 1-сонли Беруний кўчасида жойлашган 20-сонли кўп қаватли турар уй-жойни жорий таъмирлаш” объекти бўйича бажарилган ишларни тасдиқловчи 208 563 965 сўмлик маълумотнома ҳисоб-фактура тўловга тақдим этилган. Аммо ушбу ишлар назорат ўлчовидан ўтказилганда, ҳақиқатда 120 415 478 сўмлик ишлар бажарилганлиги, ҳисоб-фактура маълумотномасига 88 148 487 сўмлик бажарилмаган иш ҳажмлари тўлов учун ортиқча расмийлаштирилганлиги аниқланган.

Юқорида аниқланган камчиликларни қонуний кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотга юборилган.

Бугунги кунда, “Пастдарғом мукаммал қурилиш” МЧЖ директорига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади бошқарма маълумотида.