Жўжанинг биографияси

Ижтимоий тармоқ деганлари тоза қизиқ нарса бўлар экан. “Пост”ингизни тузук-қуруқ ўқимай туриб, англамай туриб, тушунмасдан, кўзи биринчи тушган сўз ёки жумла ҳақида фикр билдиришга шошилишади.

Масалан, (“масалан” деяпман, “айнан” деяётганим йўқ!) “кимнинг ҳақлигини вақт кўрсатади” деган маънода “жўжани кузда санаймиз” иборасини ишлатса­нгиз, кўзи энг аввал “жўжа” сўзига тушади ва асосий масала бу ёқда қолиб кетиб, “Жўжа? Қанақа жўжа? Инкубаторникими ё уйда очирилганми?” қабилидаги жўжанинг биографиясига ўтиб кетишадики, “тавба” деб ёқа ушламоқдан ўзга чора тополмайсиз.

Мен аввал кўзи яхши кўрмаса керак, деб ўйладим. Кейин билсам, кўз орқали олган информация­ни қайта ишлашга миянинг қуввати етмас экан.

Яқинда ҚҚСнинг босма нашрлар учун қайта тикланиши газета-журнал ва энг асосийси, китобнинг нархи кескин ошиб кетишига олиб келади, деган мазмунда “пост” ёзган эдим.

Қўшилган қиймат солиғи бутун дунёда бор. Вақтли матбуот ва китобнинг таннархини тушириш учун биринчи Президентимиз бу солиқни вақтинча тўхтатиб турган эди. Энди қайта тикланди. Китобхонларга машиналар ваъда қилиб бўлсаям бир амаллаб китоб ўқитиб турувдик, энди самолёт ваъда қилсак ҳам, ўқимаса керак, деган гаплар бор эди “пост”имда. Чунки қиммат. 30 минг сўмлик китоб энди 50 минг сўм бўлиб турса, ким сотиб олади? Ўзи, 30 минг ҳам қимматлик қилиб турибди-ку! Шунда бир қизимиз мени солиқларга қарши деб ўйлаб, давлат учун солиқнинг аҳамияти, деган мавзуда фалсафа сўқиб кетса бўладими! Ё қудратингдан!.. Ана сизга “жўжанинг биографияси...”

Яқиндагина радио ва телевидениеда Тошкент шевасига қарши “пост” ёзсам, тағин “жўжанинг биографияси” бўлди. Гўё мен Тошкент шевасига қарши эмишман! Аёлим тошкентлик. Ҳасти Имомнинг Зарқайнар кўчасидан. Ота-бобоси Амир Темур замонидан бери (балки ундан ҳам илгарироқдир) шу маҳаллада, шу хонадонда яшаб келади. Бекорга ОНА тили дейишмайди – учта қизим ҳам, тўққизта неварам ҳам Тошкентда туғилган, шу ерда боғчага, мактабга, олий ўқув юртига боришган. Тоза Тошкент шевасида гапиришади. Баъзан кўчадан келганимда овқат тайёр бўлмай қолса, “Гала тошкентлик битта самарқандликни оч қўясизларми?” деб ҳазиллашаман. Қизларим “Ҳозир тайёр бўлади, ада” деб типирчилаб қолишади. Ҳар қандай шева – ўзбек тилининг захирадаги хазинаси. Инсон ўз она тилини эъзоз­лаши учун ота-бобоси минг йиллар давомида сўзлашиб келган шевасини қадрлаши керак. Устозларимизнинг ўгити шундай.

Баъзи ўртоқлар “Телевизорга чиқиб тошкентча гапираётганларнинг ҳаммаси ҳам тошкентлик эмас, вилоятдан келганлар”, деб иддао қилишади. “Ўтиринглар”ни “ўтирларинг” шаклида айтса, пазандачилик ҳақидаги кўрсатувда “қовуриб оламиз” деган иборани “қовуриб олавуза” дейиши қайси шевада? Нима фарқи бор, у андижонликми, қаршиликми? Гап эфирдаги Тошкент шеваси ҳақида кетяпти. Қайтариб айтаман, ЭФИРДАГИ! Баъзи телеканалларда информацион дастурлардан ташқари кўрсатувларнинг 98 фоизи (!) Тошкент шевасида кетяпти.

Кейинги масала “пост” ёзиш одоби ҳақида. Масалан, Лолахоним Асомзода деган қизимизнинг ТВдаги шевачилик ҳақида ёзган “пост”имга билдирган фик­рини ўқиб, очиғи, жуда дилим оғриди. Тушунмаган экан, ўзимдан сўрамайдими, бу ерда нимани назарда тутгансиз, деб. Билиб-билмасдан, пулемётдай ҳақоратлаб кетибди. Бунинг устига, аёл киши эканлар. Қиз ўстирган, тарбия қилган ота-онасига раҳмат олиб келиши керак эмасми? Ҳа, майли, ўрисчасига айтганда, бу қизимизнинг сўзларини “понос слов” деб тушуниб қўя қоламиз...

Фейсбукдаги ёзишмаларда савод масаласи ҳақида кўпдан бери гапирмоқчиман-у, хижолат бўламан, ўзинг-чи, саводли ёза оласанми, дейман ўзимга ўзим. Айрим “пост”ларда, бошқа тиниш белгиларини қўя турайлик, оддий нуқта билан вергул ҳам йўқ. Қаерда нафас олишни билмайсан киши. Шахсиятига тегмай деб конкрет мисоллар келтиришдан тийилдим, ёзганини умуман тушуниб бўлмайди-да!

“Пост” ёзмай қўяқолинг, дейишга ҳаққим йўқ, албатта. Лекин у одамнинг ўзи уялиши керак. Чунки сафимизда тил бўйича фан докторлари бор, қилни қирқ ёрадиган филологлар, машҳур шоир ва ёзувчилар бор. Ҳеч қурса, мактабда ўқийдиган фарзандингиз ёки неварангизга кўрсатиб олинг – нуқта-вергулига қараб беради.

Энг асосийси – ёзиш одоби. Одоб бўлса, унча-мунча хатолар ҳам билинмай кетади.

Шароф Бошбеков,

ёзувчи, драматург.