Жомбойда хризантема гуллари етиштирилмоқда

Жомбой туманидаги “Собиров Тошмурод” фермер хўжалиги раҳбари Акбар Собиров ўтган йил Наманган шаҳрида бўлиб ўтган “Гул сайли”да қатнашиб, маҳаллий тадбиркорларнинг Голландиядан хризантема гулларини келтириб парваришлаб, мўмай даромад олаётганини кўрди-ю шу иш билан шуғулланишга аҳд қилди.

Голландиядан олиб келинган 20 минг дона гул кўчатларини иссиқхонада маҳаллий иқлим шароитига мослаштирди ва тажриба сифатида эрта баҳорда 1 гектардан ортиқ ер майдонига экиб парваришлади.

Астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини бериб, фермернинг хризантема гуллари алвон рангда очилди ва ўз харидорларини топди. Айни кунларда бу ерда 10 турдаги 25 мингдан ортиқ гул етиштирилмоқда.

– Бу йил тажриба сифатида 1,2 гектар ер майдонида шу гулларни экиб, қарийб 600 миллион сўм фойда олишни мўлжаллаб турибмиз, – дейди Акбар Собиров. – Бу иш билан асосан, ўзимизнинг оиламиз – ўғлим, келиним, қизларим, укамларнинг оиласи шуғулланяпмиз. Бу гулларни парваришлашда “Ўзагроинспекция”нинг Жомбой туман бўлими мутахассислари бизга яқиндан ёрдам берди. Сув, техника ва бошқа масалаларда муаммо юзага келса мурожаат қилдик, амалий ёрдам беришди. Келгуси йилда 3 гектар ерда хризантема, яна 2 гектарда атиргул ва лола парваришлашни режалаштиряпмиз.

Фермер хўжалиги томонидан етиштирилган хризантема гуллари вилоятнинг барча ҳудудларидан келган тадбиркорлар ва аҳоли томонидан харид қилинмоқда.

“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ахборот хизмати.