Жомбойлик ўқувчи АҚШ университети талабаси бўлди

Жомбой туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари шу мактабнинг 11 «Б» синф ўқувчиси Аббос Қувондиқовга ҳавас қиляпти. Чунки, у яқинда Америка Қўшма Штатларининг Колорадо университетига муддатидан олдин ўқишга қабул қилинди ва ушбу университетнинг 32 минг доллар миқдоридаги грантини қўлга киритди.
У бу ютуқларни биринчи навбатда устозлари меҳнати, ота-онасининг таълим ва тарбиясига бўлган эътибори билан боғлайди.
Аббос жорий йилнинг июнь ойида IELTS имтиҳонларида иштирок этиб, 7,0 баллни қўлга киритган эди. Бу муваффақият ёшлигидан илмга чақоқ, мақсадлари йўлида изланиб келаётган ўқувчида ўзига бўлган ишончни янада оширди.
– Болалигимдан буён инглиз тилини ўрганаман, ахборот технологияларига меҳр қўйганман, – дейди А.Қувондиқов. - Менимча, ҳаётда асосий нарса ўзингизга ишониш ва мақсадингизни тўғри белгилашдир.
Айни пайтда Аббос ўндан ортиқ хорижий университетларга ҳужжат топширган. У келажакда IT соҳасида етук мутахассис бўлиб етишишни орзу қилади. Бугун шу мақсад йўлида ўқиб изланмоқда.
Ёрмамат Рустамов.