​Жўшда жўшқин иш жараёни

Жўш – Самарқанд вилоятининг олис қишлоқларидан бири. Вилоят марказидан 140 километр узоқликда жойлашган бу маскан Қўшработнинг ҳам чекка ҳудуди саналади.

26 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган қишлоқда ижтимоий соҳа, бозор инфратузилмаси объектлари мавжуд бўлса-да, улардаги шароит ва имкониятлар бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Аҳоли учун замонавий турмуш шароити яратиш борасидаги ишлар ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан анча суст...

Ҳа, айни пайтда Жўш ҳақида гап кетса, шундай фикрлар билдирилиши табиий. Аммо бу вақтинча. Насиб этса, жорий йил якунига бориб, Жўш ҳақида жўшиб гапириш учун асос ҳам, имконият ҳам пайдо бўлади. Чунки бу йил Жўшда “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳоким ҳам, ҳакимлар ҳам шу ерда

Жўшдаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича штаб жойлашган қишлоқ марказидаги касб-ҳунар коллежига борганимизда Қўшработ тумани ҳокими сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари ва маҳалла фаоллари билан бирга ҳудудда амалга оширилаётган ишларни таҳлил ыилаётган экан.

– “Обод қишлоқ” дастурига кирган бошқа ҳудудларга нисбатан бу ердаги ишлар кўлами кенг, салмоғи катта, буни ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак, – дейди туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев. – Бу ерда битта-иккита эмас, саккиз маҳалла бор. 3 минг 400 дан ортиқ хонадон, 5 мингга яқин оила мавжуд. Уларнинг ҳар бирига кириш, турмуш шароитини ўрганиш, муаммо ва таклифларини эшитиш лозим. Ҳар бир оила аъзосининг саломатлиги, нима иш билан машғуллиги, даромади, келгуси мақсадларини ўрганишимиз талаб этилади. Шу асосда вазифаларни белгилаб олиб, уларни амалга оширамиз. Обод қишлоқни аввало, хонадонлардан, одамларнинг кўнглини обод қилишдан бошлашимиз керак. Мактаб, боғча, тиббиёт муассасаси, йўл ва бошқа йирик қурилишлар давлат томонидан амалга оширилади. Эҳтиёжманд кишилар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жойини таъмирлашга ҳам ёрдам берилади. Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Лекин бошқалар ҳам ўз уйи ва унинг атрофини обод қилишга интилиши керак. Бугун бу борада тушунтириш ишлари олиб боришимиз зарур. Айниқса, аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, ердан самарали фойдаланишни тарғиб этишга масъуллар бу масалага жиддий ёндашиши лозим. Шунчаки хонадонларга кириб-чиқиш, кредит оласизми-йўқми, деб сўраш билан иш битмайди. Одамларга уларнинг қизиқиш ва интилиши, оилавий шароитини ҳисобга олиб, қайси фаолият билан шуғулланиш манфаатли эканини содда қилиб тушунтирсаккина уйма-уй юрганимиз ўз натижасини беради.

Таъкидланишича, ҳозиргача маҳаллалардаги 3 минг 281 хонадон ўрганилган ва уларда мавжуд муаммолар қайд этилган. Кредит олиш истагини билдирган 555 оиладан 217 тасининг ҳужжатлари тайёр. 33 кишига “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури асосида 800 миллион сўмга яқин маблағ ажратилган. Хонадонлар хатловдан ўтказилиб, 2 минг 700 дан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилган. Ўрганиш натижалари асосида 840 хонадон суюлтирилган газ баллони билан таъминланган.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида айни пайтда жўшликлар вилоятдаги тиббий марказларнинг 20 дан ортиқ мутахассиси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

– Барча шифокор ва мутахассислар зарур тиббий аппарат ва воситалар билан келиб, шу ернинг ўзида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда, лаборатория текширувлари амалга оширилмоқда, – дейди Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Эгамбердиев. – Бу ишга вилоятдаги ихтисослашган тиббиёт марказлари мобиль текширув машиналари ҳам жалб этилган. Ҳозиргача 11 мингдан ортиқ аҳоли кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 3 минг 300 нафарида турли касалликлар аниқланди. 2 минг 300 кишига амбулатор, 900 кишига стационар даволаниш тавсия қилинди. Уларга вилоят ва туман тиббиёт муассасаларига йўлланма берилди. Шунингдек, 8 нафар бемор Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига даволаниш учун ордер олди.

8 маҳаллада 8 маҳалла маркази ва мини-футбол стадиони қурилади

Дастур доирасида қишлоқдаги умумий узунлиги қарийб 200 километрлик ички йўлларни текислаш, тош-шағал ётқизиш режалаштирилиб, бу иш айни пайтда жадал суратда олиб борилмоқда. Бунинг учун 15 юк автомашинаси ва 12 юкловчи ва текисловчи техника жалб этилган. Шу пайтгача ёзда чанг-тупроқ, қишда лой кечиб ўтилган кўчаларга ҳам илк бор тош тўкилиб, текисланмоқда. Транспорт воситалари ва пиёдалар учун қулайлик яратиш мақсадида қишлоқ ичидан ўтган сойлардаги кўприкларни таъмирлаш, 2 та янги кўприк қуриш ҳам дастурга киритилган. Бундан ташқари, қишлоқдаги 5 километрлик марказий кўчани кенгайтириш ва асфальт ётқизиш, пиёдалар йўлаги ташкил этиш режалаштирилган.

40.JPG
 
41.JPG
 
42.JPG
 
43.JPG
 
44.JPG
 
46.JPG
 
48.JPG
 
49.JPG
 
50.JPG

Ана шу йўллар ёқасида ўтган асрнинг турли йилларида ўрнатилган ва бугунга келиб яроқсиз бўлиб қолган эски симёғочлар ҳам темирбетон тўсинларга алмаштирилмоқда. Маълумотларга кўра, қишлоқда бу йил электр узатиш ҳаво тармоқлари учун 1000 дан ортиқ янги темирбетон таянч ўрнатилади. Шунингдек, 8 та қўшимча трансформатор ўрнатиш, 6 та трансформаторнинг қувватини ошириш кўзда тутилган. Бу юмушлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

– Қишлоғимиздаги бунёдкорлик ишлари январь ойининг дастлабки кунларида бошланганди, – дейди “Жўш ота“ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуалим Носиров. – Вилоят ҳокими мутасадди идоралар раҳбарлари билан бир неча бор келиб, амалга оширилиши керак бўлган ишларни муҳокама қилди. Барча маҳаллаларда, кўча ва хонадонларда бажариладиган ишлар белгилаб олинди, қурилиш ишлари лойиҳаси тайёрланди. Энди бу лойиҳаларни кўриб, кўз қувнайди-да. Одамлар наҳотки, қишлоғимиз шунчалик чиройли бўлади, деб ҳаяжонда.

Айниқса, кўп йиллардан буён умуман эътибордан четда қолиб келган ёдгорлик мажмуасининг таъмирланиши ва унинг атрофида истироҳат боғи барпо этилишини эшитган халқимизнинг қувончи чексиз. Яна денг, ҳар бир маҳаллада савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, маҳалла маркази, сунъий қопламали мини-футбол майдонлари ташкил этилади. Шу пайтгача эски колхоз биносида фаолият олиб борган туман марказий шифохонасининг Жўш филиали учун янги бино қурилмоқда. Бу ерда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилади. Тез ёрдам шохобчаси ташкил этилади.

Жўшликлар замонавий уй-жойларда яшайди

Бу йил қишлоқда илк бор 20 та арзон уй-жой қурилиб, эҳтиёжманд оилаларга бериш кўзда тутилган. Шунингдек, сой бўйида ёки ноқулай жойларда жойлашган уйи бузиладиган оилаларга ҳам ёрдам кўрсатилиб, уларга арзон уйлар қуриб берилади.

– Очиғи, шу вақтга қадар одамлар йўл, электр энергияси, сув таъминотини ҳисобга олмаган ҳолда ўзи истаганча уй-жой қуриб олаверган, – дейди “Чиммос“ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саъдулла Абдусаматов. – Шу сабабли, қишлоқдаги уйларнинг жойлашуви турли- туман – бири йўлга чиқиб кетган, бошқаси сойга яқин. Энг ёмони, бу уйлардаги шароит кўнгилдагидек эмас. Энди қишлоғимизда янги, замонавий уйлар қурилиши бошқа хонадонларда ҳам янгича турмуш маданияти шаклланишига туртки бўлиши шубҳасиз. Кишилар бир-бирининг яшаш тарзини кўриб, шунга одатланади-да. Муҳими, қишлоқдошларимиз мактаблар реконструкция қилинаётгани, спорт заллари қурилаётганидан, фарзандларининг замонавий масканларда таълим-тарбия олишидан хурсанд. Ўтган йил декабрь ойида қишлоғимизда янги боғча қурилган эди, ҳозирда маҳалла маркази бунёд этиляпти, йўллар таъмирланмоқда. Бу ўзгаришлар аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаяпти, уларни мудроқликдан уйғотяпти.

Дарвоқе, жўшликлар асосан боғдорчилик – узум етиштириш билан шуғулланади. Лекин уларнинг томорқасида бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари парваришлаш учун ҳам шароит бор. Афсуски, шу пайтгача бу имкониятдан ҳамма ҳам фойдаланмаган. Шу боис айни пайтда вилоят, туман жамоатчилиги, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакилларидан иборат гуруҳлар уйма-уй юриб, томорқадан самарали фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини бермоқда. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга сабзавот уруғи, мевали дарахт кўчатлари тарқатилмоқда.

Хуллас, бу йил Жўшда баҳор ўзгача жўшқинлик билан бошланди. Бутун қишлоқни қамраб олган бунёдкорлик ишлари катта-ю кичикни ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга, ўз ҳаётини, турмуш тарзини ўзгартиришга чорламоқда. Яшил либос кияётган далаларда эрта-индин бошланадиган Наврўз шодиёналарига ҳам қишлоқ аҳли ана шундай кайфиятда, ўзгача иштиёқ билан тайёргарлик кўрмоқда. Зеро, бу йил жўшликлар учун тарихий йил бўлиб қолиши шубҳасиз.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат).