ЖССТ: ярим миллион европалик баҳоргача COVID-19 қурбони бўлиши мумкин

Европада эмланмаса ва эҳтиёт чораларига риоя этилмаса ярим миллионга яқин одам COVID-19 дан ҳалок бўлиши мумкин, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа департаменти раҳбари Ханс Клюге.

"Ҳозирда ўлимнинг 75 фоизи 65 ва ундан катта ёшдаги одамларга тўғри келмоқда. Прогнозларга кўра, агар биз ушбу нуқтада қолсак, 2022 йилнинг 1 февралига қадар COVID-19 дан қўшимча ярим миллион одам йўқотамиз", дея таъкидлади Клюге.

Бундай сценарийга йўл қўймаслик учун 95 фоиз аҳолини тиббий ниқоблар билан қамрашга эришиш ва эмлаш суръатини жадаллаштириш зарур, деди у.

COVID-19 Европага чанг солди

Европада коронавирус тарқалиши бир ойдан кўпроқ вақт давомида ўсиб бормоқда ва ҳозир у COVID-19 эпидемиясининг фаол босқичини бошдан кечираётган ягона макрорегиондир. Ушбу маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳафталик ҳисоботида эълон қилинган.

Салбий баҳо, биринчи навбатда, Россия, Туркия, Руминия ва Буюк Британияда касалланишнинг юқори даражаси билан боғлиқ.

Буюк Британия

Бирлашган қиролликда кунига 40 мингдан ортиқ инфекция қайд этилмоқда. Ҳукуматнинг бош илмий маслаҳатчиси Жонатан Ван Там сўзларига кўра, мамлакатни яна бир неча оғир ой кутмоқда. "Кўпчилик пандемия тугаганига ишонишди", деди у. Ҳукуматда, айниқса, Рождество байрами муносабати билан янги санитария чекловлари жорий этиш ниятида эмаслиги айтилмоқда.

Руминия

Руминияда эпидемиянинг кучайиши сабабли COVID-19 билан касалланган беморлар учун шифохоналарда жой етишмаслиги кузатилмоқда. Беморлар интенсив терапия бўлимига ётқизилишини том маънода бир неча суткалаб машиналарда кутишяпти. Уларга кислород баллонлари тўғридан-тўғри машина тўхташ жойига етказилмоқда.

- Кечадан бери онам билан кутяпмиз. У кислородга уланган. Тунни машинада ўтказдик. Уйда олти кун давомида унга ғамхўрлик қилдим, бўлмади. У жуда қайсар, лекин ҳозир вакцина олмаганидан афсусда”, дейди кутувчилардан бири.

 Россия

Касалликнинг энг юқори даражаси фонида Россия ҳукумати вақтинчалик касалхоналарни қайта очди. Москва яқинидаги «Патриот» боғида Мудофаа вазирлиги COVID-19 билан касалланган беморлар учун 600 ўринли ҳарбий госпитал, 20 та реанимация бўлимини яратди.

Ноябрь ойи бошида Европада коронавирус пандемияси бошланганидан бери 65 миллиондан ортиқ инфекция ва 1,3 миллиондан ортиқ ўлим қайд этилган.