Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кадастр йиғма жилдини тадбиркорлар ҳам тайёрлаши мумкин

Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан хусусий секторлар фаолиятини кенгайтириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва бизнесни ривожлантириш имкониятлари кенгайтирилмоқда. 

Қарорга асосан эндиликда кадастр йиғма жилдини тайёрлаш ҳуқуқи ҳам хусусий секторга берилади. Эътиборлиси, бирламчи кадастр йиғма жилдини тайёрлаш онлайн амалга оширилади ва кадастр агентлиги томонидан мониторинг қилинади. Бунда кадастр муҳандиси  юридик шахслар билан шартнома тузиб ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлаши мумкин. Кўрсатилган хизматлар учун нархлар мустақил белгиланади.  

Президентимизнинг 2019 йил 5 апрелдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилган эди. Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги қарори билан кадастр ишларини бажаришда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилаётган мазкур тажриба-синов муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилди. Бу жараёнда олдин фақат кўчмас мулк ва у ҳақда тузилган битимлар асосида қайта иккиламчи кадастр ҳужжатини тайёрлаш ваколати берилган эди.

Президентимизнинг мазкур қарори асосида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб кадастр агентлиги томонидан бериладиган малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига, шу жумладан, кўчмас мулк объектларига бирламчи кадастр йиғма жилдини тайёрлаш ҳуқуқи ҳам берилди. Бу борада, кўчмас мулк объектларига кадастр йиғма жилдини, шу жумладан, бирламчи кадастр йиғма жилдини тайёрлаш жараёнлари махсус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади ҳамда кадастр агентлиги томонидан мониторинги олиб борилади.

Хўш, қарор билан нималар ўзгаради, соҳага қандай янгиликлар жорий этилади?

Бугунгача бўлган тартибда кадастр муҳандисларига ҳужжатларнинг фақат иккиламчи қисмини тайёрлашга ваколат берилган эди. Мазкур қарор билан бирламчи, яъни  янги қурилган уйларнинг кадастр йиғма жилдини тайёрлашга ҳам рухсат берилади.  

Шунингдек, кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси ўз фаолиятини юридик шахслар (риэлторлик ташкилотлари) билан меҳнат шартномасини тузиш орқали ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида амалга ошириши мумкин бўлади.

Энг муҳими, кўчмас мулк объектларига кадастр йиғма жилдини, шу жумладан, бирламчи кадастр йиғма жилдини тайёрлаш бўйича хизматлар учун нархлар тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган минимал ставкалардан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Келиб тушадиган маблағ тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади.

Азамат НИШОНОВ,

Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.