Камонгарон ва Вағашти маҳаллаларини узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида оқсоқоллар билан маслаҳатлашилди

Азал-азалдан аҳоли зич жойлашган ҳудудларда ер ва сув масаласи долзарб муаммолар сирасига кирган. 513 мингдан ортиқ аҳоли яшовчи Ургут туманининг тоғли ҳудудларида ҳам шу каби масалалар кўзга кўриниб, аҳоли тортишувларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, Камонгарон ва Вағашти маҳаллаларида ҳам узоқ йиллардан буён ичимлик суви тақсимоти билан боғлиқ муаммо маҳаллий аҳолининг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Ушбу икки қишлоқ аҳлининг ичимлик сувига бўлган талабини қондириш, туну кун кафолатланган тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш мақсадида бугунги кунда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Бугун Камонгарон ва Вағашти маҳаллаларининг фаоллари билан ўтказилган учрашувларда шу масала атрофлича муҳокама қилинди.

Эркинжон Турдимов бир ҳафта муддат ичида мавжуд сув тармоқларини тозалаш, айрим ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилишини маълум қилган ҳолда параллел равишда бугунги кунда аҳолини қийнаб келаётган, сутка давомида 2-3 соат етказиб берилаётган тоза ичимлик суви масаласини яхшилаш, яъни 24 соат давомида сув таъминотини таъминлаш имконини берувчи сув тақсимлаш ҳамда тозалаш иншоотларини барпо этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Вилоят ҳокими лойиҳалар тузилишида ҳудуд аҳолисининг фикри, таклифлари ҳам ҳисобга олинаётганлигини қайд этди.

Тез фурсатда лойиҳа таклифлари тақдимоти ўтказилиб, маҳаллий аҳоли билан ҳамфикрликда мақбул лойиҳа таклифини амалиётга татбиқ этиш борасида ишлар бошланиши билдирилди. Вилоят ҳудудларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.